Айрим маълумотларга кўра, Афғонистон шарқида жойлашган Нуристон провинциясида юз берган сув тошқини оқибатида 60 тадан 130 тагача одам ҳалок бўлган. Ariana News телеканалининг хабарида ўнлаб одамлар бедарак йўқолгани айтилади.
Нуристон губернатори Ҳофиз Абдулла Қаюм (Haafiz Abdul Qayum)нинг журналистларга берган маълумотига кўра, Покистон билан чегарадош Камдеш қишлоғи табиий офат комида қолган. У ерда 60 та одам ҳалок бўлган.
Шунингдек, Қаюм Камдеш қишлоғи ҳозирги пайтда «Толибон» ҳаракати (Россия ва қатор давлатларда тақиқланган ташкилот) назоратида экани , шунинг учун армия сув тошқинидан жабрланган аҳолига ёрдам кўрсатолмаслигини айтган.
Провинция Кенгаши раҳбари (маҳаллий қонунчилик органи) Саъдулла Пайенда Зое (Saadullah Payenda Zoye) тошқин 200 та хонадонни вайрон қилганини айтади. Унинг сўзларига кўра, ўнлаб одамлар бедарак йўқолган. Шу боис мулозим марказий маъмуриятга ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Табиий офатга қарши кураш вазирлиги сув тошқини оқибатида 60 та уй вайрон бўлгани, 100 га яқин одам ҳалок бўлганини маълум қилади. Вазирлик бу дастлабки маълумот экани ва қурбонларнинг сони ортиши мумкинлигини таъкидлайди.
Провинция Кенгашининг айрим депутатларига кўра, табиий одатдан ҳалок бўлганларнинг сони 130 та одамни ташкил этади.
Нуристон — тоғли, ўрмон билан қопланган ўлка бўлиб, бу ерда ҳар йили сув тошқини содир бўлиб туради. Лекин маҳаллий журналистларнинг эътироф этишича, бу йилги табиий офат анча оғир келган.
Қўшни Покистон ҳам табиий офатлар исканжасида қолганини эслатмоқ даркор. Кучли ёққан ёмғир туфайли Исломобод кўчаларини сув босган. Ижтимоий тармоқларда шаҳар кўчалари аҳлат тўла сув тошқини домида қолгани, оқим транспортларни оқизиб кетаётгани ҳақида ўнлаб видеоларни кўриш мумкин. Полиция маълумотига кўра, Исломободдаги табиий офат иккита одам ёстиғини қуритган.