Мамлакат шимолидаги жанглар туфайли Қобул шаҳри электр энергиясидан узилиб қолган

Афғонистоннинг шимолий Баглан провинциясида ҳукумат кучлари ва «Толибон» ҳаракати (РФда тақиқланган) жангарилари ўртасида кечаётган жанглар туфайли Электр узатгич линияси (ЭУЛ) шикастланган ва оқибатда Қобул шаҳри ва бошқа провинциялар электр энергиясиз қолган. Бу ҳақда 1TV телеканали «Да Афганистан Брешна Шеркат» компанияси маълумотига таянган ҳолда Тwitterдаги саҳифасида хабар беради.

ЭУЛ Келагай аҳоли пункти ҳудудида бузилган, дея аниқлик киритади TOLOnews телеканали.

Шу йилнинг май ойида АҚШ ва НАТО қўшинлари мамлакатни тарк эта бошлаганидан сўнг Афғонистоннинг шимолий провинцияларида ҳужумлар кескинлашган. «Толибон» жангарилари кўпгина аҳоли пунктларини ўз назоратига олган, жумладан Баглан провинциясини ҳам. Ҳукумат армияси бу ҳудудларни толиблардан қайтариб олиш учун курашмоқда. Ўтган кун ҳукумат махсус кучлари Баглан ҳудудида камида олтита толибни бартараф этган.

Шуни таъкидлаш жоиз, Афғонистонга импорт қилинаётган электр энергиясининг асосий қисми Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистондан олинади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ