Тожикистонга чекинган 2 мингдан ортиқ афғон ҳарбийлари ватанига қайтдилар

Тожикистон ДМХҚ Чегара хизматининг матбуот маркази фотосурати

Толиблар ҳужумидан Тожикистонга чекиниб ўтган 2300 га яқин афғон ҳарбийлари Афғонистонга қайтарилди. Бу ҳақда Афғонистон Ислом Республикаси ҳукуматининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Ҳамдулла Моҳиб маълум қилди, деб хабар беради «Афганистан.ру».

Унинг сўзларига кўра, қайтиб келган аскарлар яна «Толибон»га (РФда тақиқланган) қарши курашини давом эттирадилар.

Радио Озоди (Озодлик радиосининг минтақавий бюроси, РФда чет эл агенти деб тан олинган) манбасига кўра, 4 июль куни Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмон ва АИР президенти Ашраф Ғани ўртасида бўлиб ўтган суҳбатда афғон ҳарбийларини қайтариш масаласи муҳокама қилинган.

Тожик ҳукумати бундан олдин юзлаб афғон аскарининг икки давлат чегарасини кесиб ўтганини маълум қилганди. Тожикистон ва Афғонистон ўртасидаги Шерҳон-Бандар чегара назорати пункти қулаганидан сўнг афғон ҳарбийларининг Тожикистонга қочиб ўтиши бошланди. Ўшанда, яъни 22 июнь куни 134 нафар афғон ҳукумати ҳарбийси толиблар ҳужумидан Тожикистон ҳудудига қочиб ўтганди.

Кейин юзлаб афғон аскарлари Қундуз, Балх ва Бадахшон провинцияларидан Амударё орқали Тожикистоннинг Хатлон вилояти ва Тоғли Бадахшон автоном областига кечинганлар, дейилади Озоди хабарида.

Сўнгги инцидент оқибатида бир мингдан ортиқ ҳарбийлар Тожикистонга қочиб ўтган. Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон чегарадаги вазиятдан хавотир билдириб, Россия ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари билан ушбу масалани муҳокама қилди. Бундан ташқари, Раҳмон Афғонистон чегарасини мустаҳкамлашга 20 минг ҳарбий хизматчини сафарбар қилишга қарор қилди.

7 июль куни Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров тожик-афғон чегарасидаги вазиятга изоҳ берди. «Бизлар Тожикистоннинг афғон чегарасида рус ҳарбий базасидан фойдаланган ҳолда иттифоқчиларимизга қарши агрессив кучларни йўлатмаслик учун барча ишларни амалга оширамиз», — дея унинг сўзларини келтиради РИА Новости. Шунингдек, Лавров ОДКБ (Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти) секретариати вакиллари яқинда тожик-афғон чегарасида бўлгани ва вазиятга баҳо берган ҳолда мунтазам ташкилотга ҳисобот бериб туришини қўшимча қилди.

Россиянинг Тожикистонда жойлашган 201- чи ҳарбий базаси — унинг четдаги энг йирик ҳарбий объекти ҳисобланади. У Душанбе ва Бохтар шаҳарларида жойлашган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ