Москвада тожиклар ва қирғизлар ўртасида оммавий муштлашувда иштирок этган 18 киши қўлга олинди

Mos.ru сайти фотосурати

Москвада оммавий муштлашувда иштирок этган тўққизта Қирғизистон ва яна шунча Тожикистон фуқароси қўлга олинди. 24 июль куни Қирғизистон ИИВ шу ҳақда хабар беради.

Москвадаги жанжал 21 июль куни бўлиб ўтган. Тергов органларининг маълумотига кўра, бу муштлашув 18-19 июль кунлари Екатеринбургда тожиклар ва қирғизлар иштирокидаги бетартибликлар таъсиридан келиб чиққан. Ижтимоий тармоқлардаги қирғиз гуруҳларида Тожикистон фуқароларини калтаклашга доир чақириқлар янграган ва Москвадаги қирғизлар бундан илҳомланиб муштлашувда иштирок этганлар. Ҳуқуқ-тартибот органлари мазкур муштлашув юзасидан жиноий иш қўзғаган. Муштлашувда иштирок этганлардан 18 нафари вақтинча ҳибсда ушлаб туриш изоляторига ташланган.

Екатеринбургдаги жанжал тожикларнинг қирғиз қизига тегажоқлик қилиши оқибатида содир бўлган. Провокаторлар мессенжерларда тожикларнинг қирғиз йигитини уриб ўлдиргани ҳақида уйдирма хабарларни тарқатадилар. Натижада икки кунда иккита йирик тўполон бўлиб ўтади — бирида қирққа яқин одам, иккинчисида юзга яқин одамлар оммавий муштлашувда иштирок этадилар.

Шу билан бирга ижтимоий тармоқларда қирғиз мигрантларининг видеомурожаати тарқалади. Унда қирғизлар ўз юртдошларини чет эллик йигитлар билан учрашаётган қирғиз қизларини кузатиб юришга чорлайдилар. Видео муаллифлари дастлаб бундай қизларни икки марта огоҳлантириш лозимлиги, агар гапга киришмаса учинчи гал бундай қизларни дўппослаш кераклигини айтадилар. Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг Россиядаги ваколатхонаси видеодаги йигитларни аниқлаб, улар билан профилактик суҳбат ўтказган. Йигитлардан бири камерага қараб ноҳақ эканини тан олади. ИИВ вакиллари ва жамоат ташкилотлари фаоллари миллий низоларга йўл қўймаслик учун мигрантлар билан ишлашни давом эттирмоқдалар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ