Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига янги раҳбар тайинланди

Муҳаммадзокир Маматхонов . Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги телеграм-каналидан олинган фотосурат

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг янги раҳбари этиб Муҳаммадзокир Маматхонов тайинланди. Бу ҳақда ТММА матбуот хизмати хабар беради.

Маматхонов 1974 йили Наманган вилояти Поп туманида туғилган. 2006 йилда Наманган муҳандислик-иқтисодиёт институти, 2012 йилда Президент академияси қошидаги Олий бизнес мактабини тамомлаган. 1998 дан 2016 йилгача вилоят солиқ тизимида турли лавозимларда ишлаган. 2016 – 2017 йилларда Янгиқўрғон тумани ҳокими бўлган. Маматхонов 2018 йилдан то шу кунга қадар Наманган вилоят Бандлик бош бошқармаси бошлиғи сифатида ишлаб келган.

Маматхонов агентликка раҳбарлик қилган Бахтиёр Турсунов ўрнига келган. Хабарда раҳбар ўзгартирилгани сабаби келтирилмаган.ТММА сайтида ҳанузгача раҳбар лавозимида Турсунов кўрсатилган. Дарвоқе, сайтда маълумотлар жуда камдан-кам янгиланади. Унда охирги хабар 5 май куни жойлаштирилган. Сайтнинг «Бизлар тўғрисида» бўлимида Франц Кафканинг сўзлари келтирилган ва унда чамаси ташкилот вакиллари суратлари келтирилган: «Безовтали тушдан уйғониб кетган Грегор Замза ўзининг даҳшатли ҳашаротга айланиб қолганини кўрди».

Турсуновдан аввал агентликни бошқарган Равшан Иброҳимов 2018 йили бир неча агентлик ходимларига нисбатан жиноий ишлар қўзғатилиши сабаб ишдан олинганди. Айбдорлар курсисида Иброҳимовдан ташқари собиқ ўринбосар У.Назаров, агентликнинг собиқ бўлим бошлиғи А.Абдуллаев ва ТММА мослашув ва ўқув марказининг собиқ директори О.Маҳсудовлар ҳам бор эди. Улар фирибгарлик ва порахўрликда айбланиб, турли муддатга озодликдан маҳрум этилдилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ