17 июль куни Москва ва Санкт-Петербург шаҳарларида меҳнат мигрантлари ойлик маошларини талаб қилиб норозилик намойишини уюштирдилар. РБК хабарига кўра, Москвада Шереметьево аэропорти қурувчилари, Санкт-Петербургда «Лахта Центр» бизнес мажмуаси қурувчилари норозилик билдирганлар.
Baza Telegram-канали маълумотига кўра, Шереметьевода самолётларнинг учиш-қўниш йўлагини ремонт қилган 100 га яқин қурувчилар ҳақини талаб қилганлар. МКга кўра, мигрантлар қайси республикадан келганларини айтмаганлар.
Маълумотларга кўра, намойишчилар билан қурилиш фирмаси раҳбарияти учрашган. Бир нечта одам қўлга олинган, лекин акция «жиддий тўқнашувларсиз» бўлиб ўтган.
Аэропортдагилар бу пудратчи «Энергострой» компаниясининг ички иши эканини айтганлар. Ўз навбатида Транспорт прокуратураси қурувчилар билан учрашиб, текширувларини бошлаган. Тергов қўмитаси ҳам ишчилар талабини ўрганиб чиқишни ваъда қилган.
Neva.Todayга кўра, Санкт-Петербургда қурувчилар маъмурият офиси олдида йиғилганлар. 47 News ахборотига кўра, Марказий Осиёдан келган юзлаб ишчи мигрантлар баҳор ойлари учун ҳақ тўлашларини талаб қилганлар.
Ўз навбатида пудратчи «Ренессанс Констракшн» компанияси қурувчилар ойликларини олганларини, ҳозирда қўшимча ҳақ талаб қилаётганларини билдирган. Бу компанияда 2020 йил бошида ҳам шунга ўхшаш норозилик намойи бўлиб ўтгани айтилади.
«Лахта Центр» – кўпфункцияли мажмуа бўлиб, унда «Газпром»нинг бош штаби жойлашиши керак. Қурилиш 2012 йилдан бери давом этиб келади. РБК маълумотига кўра, яқинда Петербургда мазкур объектнинг иккинчи навбати ишга туширилган.
Санкт-Петербургдаги «Турон» ўзбеклар жамоасининг раиси Валишер Ҳайдаров сўнгги воқеаларни шарҳлар экан, мигрантлар ҳуқуқларини поймол қилиш кенг тарқалганлигини таъкидлайди. «Мигрант бўлиб ғалаён қилаётган эканлар, демак пичоқ одамларнинг суягига бориб қадалган. Ишчилар бизларга доим қўнғироқ қилиб, ойлигини бермаётганидан, алдашаётганларидан нолийдилар», – дея «Росбалт» Ҳайдаровнинг сўзларини келтиради.
Бундан олдин Амур областида ўзбекистонлик ишчилар ғалаён кўтаргандилар. У ерда ҳам ишчиларга ойлик тўланмагани сабаб, меҳнат мигрантлари бетартибликлар уюштиришган. Мазкур инцидент бўйича жиноий ишлар қўзғатилган. Прокуратура текширувлари иш берувчи компаниясининг мигрантлар ҳуқуқини поймол этганини аниқлаган. Куни-кеча ишчиларга ойлик қарзлари тўлангани, уларнинг яшаш шароити яхшилангани тўғрисида хабар тарқалди.