Амур областида ғалаён кўтарган ўзбекистонлик ишчиларга ойлик қарзлар тўланган

Амур ГПЗ қурувчилар шаҳарчаси. Gazprom.ru сайти фотосурати

Амур газни қайта ишлаш заводида (ГПЗ) ғалаён кўтарган ўзбекистонликларга ойлик маошлари тўланган ва уларнинг яшаш шароити яхшиланган. Бу ҳақда «Фарғона»га Ўзбекистоннинг Россиядаги Бош консули Меҳриддин Хайриддинов гапириб берди. У 13 июлда жанжал жойида бўлиб, ватандошлар билан учрашган.

«Инцидент биринчи кунданоқ Ўзбекистон раҳбариятининг диққат марказида бўлди. Пудрадчилардан бири Renaissance Heavy Industries турк компанияси бўлган мазкур заводда 11 200 нафар бизнинг фуқароларимиз ишлайди. 13 июль куни улар бир неча талабларни илгари сурадилар ва бу ушбу объектдаги биринчи оммавий норозилик бўлган. Бу ерда ишчиларнинг шахсий муносабатлардан тортиб, ойлик берилишию, овқат ва иссиқ сув таъминотигача бўлган муаммолар йиғилиб қолган. Коронавирус ҳам муаммога ўз ҳиссасини қўшган: Амур области карантинда бўлгани боис юртдошларимиз маълум вақт ишга чиқмаганлар», — дейди Хайриддинов.

Амур области губернатори Василий Орлов меҳнат мигрантлари ва компания раҳбарияти билан учрашган, шундан сўнг «ишчиларга кенг кўламда иқтисодий кўмак берилишини, жумладан карантин даври учун компенсация тўлови, вахтада олти ой ва ундан кўп муддатда бўлганлар учун оклад берилиши»ни маълум қилган.

Дипломат сўзларига кўра, тўполон жойига Renaissance Heavy Industries президенти, НИПИГАЗ лойиҳаси бош пудрати раҳбарияти, область губернатори, шунингдек ИИВ ва прокуратура вакиллари етиб келганлар.

«Ҳамкорликда олиб борилган ҳаракатлар туфайди бир неча кун ичида муаммолар ҳал этилди, фуқароларимиз ҳуқуқлари тикланди, уларга 90 фоиз ойлик маошлари тўланди. Банк ўтказмаларида муаммолар мавжудлиги сабаб, қолган одамлар 17 июлга қадар ойликларини оладилар. Бугун эрталаб барча юртдошларимиз ишга чиққан. Махсус хизмат ходимлари заводни тарк этган, шаҳарчада тартиб ўрнатилган, хавфсизлик хизмати ўз ишини бошлаган», — деди Бош консул.

Шунингдек, озиқланиш масаласи ҳам ҳал этилган: ишчиларнинг меню ва рациони қайта кўриб чиқилган, мигрантлар билан бирга овқатланган Бош консул бунга шахсан гувоҳ бўлган. Иссиқ сув таъминоти масаласи объект нолдан қурилгани ва коммуникация борасида муаммолар мавжудлиги боис ҳозирда ҳал этиш босқичида турибди.

Оммавий бетартиблик учун ишчилар жазоланишига оид саволга жавобан Бош консул мазкур иш бўйича тергов органлари жиноий иш қўзғатганини, ҳозирда процессуал ҳаракатлар олиб борилаётганини айтди. «Текширув нафақат бизнинг фуқароларимиз, балки иш берувчилар томонидан меҳнат қонунчилиги бузилгани борасида ҳам олиб борилмоқда», — деди Меҳриддин Хайриддинов.

Ғалаёнлар 13 июль куни Амур области Свободний районидаги Renaissance Heavy Industries компаниясининг вақтинчалик вахта шаҳарчасида содир бўлди. Унда 300 га яқин одам, асосан Ўзбекистон фуқаролари иштирок этганлар. Прокуратура томонидан оммавий бетартибликларни бошлаган ташаббусчи ва фаол иштирокчиларга нисбатан РФ ЖКнинг 213-моддаси 2-банди («Безорилик», жазо — етти йилгача қамоқ) ва 212-моддаси 2-банди («Оммавий бетартибликда иштирок этиш» — саккиз йилгача қамоқ жазоси) билан жиноят ишлари қўзғатилган.

Текширувлар шуни кўрсатадики, компания ишга олган ишчиларига моддий ва ижтимоий ёрдам бермаган. Бундан ташқари, Renaissance Heavy Industries бир томонлама мингдан ортиқ ишчининг 14,4 млн рубль миқдорида ойлигини икки ойлик патент тўлови учун ушлаб қолган.

Бу ҳолат бўйича прокуратура компанияга нисбатан РФ КоААП 18.9 — моддаси 1- банди («Россия Федерациясида чет эл фуқаросини яшаш қоидалари») ва 5.27-модда 1-банди («Меҳнат қонунчилигини бузиш») билан маъмурий иш қўзғаган.

Ҳозирда заводда Амур области прокурори Руслан Медведевнинг қабулхонаси ишламоқда. 15 июль куни у заводга келиб ишчилар ва раҳбарият билан учрашган. Прокурорнинг қабулида таржимон борлиги туфайли чет элллик ишчилар ўз она тилида гапиролганлар. Уларга прокуратурага ариза ёзишга ёрдам берилган. Жумладан, ишчилар яшаш шароити ва ишга жойлашиш пайтида қонунчилик бузилаётганидан шикоят қилганлар. Медведев, ҳар бир ариза, мурожаат бўйича алоҳида текширув олиб борилишини таъкидлаган.

У муаммолар ечимини шахсан назоратга олган. Прокурор иш берувчидан дарҳол йўл қўйилган камчиликларни бартараф этишни талаб қилган ва зиммасида қонун томонидан юклатилган мажбуриятлар борлигини эслатиб ўтган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ