Катта Оролдаги сўнгги биоресурсни овлаш ишлари бошланди

Артемия цистаси. Aquavitro.org сайти фотосурати

Ўзбекистон ҳукумати «Орол артемия саноат» давлат унитар корхонасини (ДУК) тузиш қарорини қабул қилди. ДУК Муйноқ тумани ҳокимлиги ҳузурида ташкил этилади, деб хабар беради Norma.uz.

Давлат корхонаси артемия цистасини овлаш ва қайта ишлаш билан шуғулланади. ДУК артемия цистасини саноат асосида чуқур қайта ишлаш ҳамда улардан юқори қўшилган қийматга эга бўлган экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришда илғор технологияларни жорий этади..

Июнда республика Монополияга қарши кураш қўмитаси артемия цисталарини овлаш бўйича ДУК ташкил этиш лойиҳасига қарши чиққанди. Лойиҳада 2020 йил 1 апрелдан «Орол артемия саноат» корханасига Орол денгизининг Ўзбекистон қисмидаги барча ҳудудини бериш кўрсатилганди.

Монополияга қарши кураш қўмитаси ҳозирда Мўйноқ туманида артемия цистасини овлаш, қуритиш ва қайта ишлаш билан 23 та корхона шуғулланаётгани ва ДУК ташкил этилиши мақсадга мувофиқ эмаслигини таъкидлаганди. Билакс, ушбу денгиз маҳсулотини қайта ишлаш бўйича хўжалик субъектларига бир хилда шароит яратиш зарурлиги айтилган. 11 июль куни ҳукумат томонидан қабул қилинган қарорда Орол денгизининг ўзбек қисми монополлаштирилиши ҳақида сўз юритилмаган.

Жанубий Оролда сув шўрланиши оқибатида балиқларнинг йўқолиб кетгандан сўнг қолган ягона тирик қолган организм — артемия ҳисобланади. Артемия цистаси оқсил, ёғ, аминокислота, витамин, гормон ва бошқа биологик фаол моддаларга бой ҳисобланади. Цистадан олинган маҳсулот агросаноат мажмуаси, фармацевтика, тиббиёт ва косметологияда кенг қўлланилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ