Афғонистонлик қизлар Ўзбекистон ва Қозоғистонда таълим олиш имкониятига эга бўладилар. Ўқиш Европа иттифоқи томонидан тақдим этилган икки миллион евро миқдоридаги грант ҳисобига амалга оширилади. Бу ҳақда Ўзбекистондаги ЕИ делегацияси, БМТ Тараққиёт дастури ва Ўзбекисион Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамкорликда тайёрлаган пресс-релизда айтиб ўтилган (Ушбу ҳужжат «Фарғона» ихтиёрида мавжуд).
Лойиҳа 2025 йилгача вақтни ўз ичига олади. Бу давр мобайнида Афғонистонлик 50 нафар қиз Марказий Осиё мамлакатларидаги олий ўқув юртлари дипломларини қўлга киритадилар. Қизларнинг бир қисми Термиз туманида фаолият юритаётган Тошкент аграр давлат университети филиалида қишлоқ хўжалигига доир таълим олиш билан техник ва профессонал таълим сертификатини қўлга киритадилар.
Лойиҳа ўтган йилдан амалга оширила бошланди. Қозоғистонга ташриф буюрган афғон қизлари эса қишлоқ хўжалиги, тоғ-кон саноатчилиги ва статистика йўналишида билим оладилар. Жорий йили Афғонистондан яна 20 нафар аёл ўқишга келади. Таълим муассасасига киришдан олдин қизлар тил ўрганиш курсларини тамомлайдилар.
Европа иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Эдуардс Стипрайсга кўра, аёллар Афғонистон иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим омил ҳисобланади. «Таълим олиш, етарли миқдорда маошга эга бўлиш борасида афғон аёллари кўпгина тўсиқларга туч келадилар. Юқори малакани эгаллаган аёл давлат ва хусусий секторда муҳим ишларни бажаради ва мамлакат тараққиётига салмоқли ҳисса қўшади», – дейди дипломат.
Ўзбекистон пандемия даврида қўшни давлатга ҳар томонлама кўмак бериб келмоқда. Апрель ойида президент Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами юборилди. У тиббий ниқоблар, ҳимоя комбинезонлари, тепловизорлар, пирометрлар, ун, ёғ, гуруч, хўжалик совунлари ва болалар кийим-кечакларидан иборат бўлди.