Ўзбекистон бош санитария врачи Нурмат Отабеков коронавирус республикага 2020 йил 15 март куни “биринчи бемор” аниқланганидан олдинроқ ҳам олиб кирилган бўлиши эҳтимолини истисно этмади, дея хабар беради Podrobno.uz.
Мутахассислар биринчи индентификация қилинган коронавирусли беморниннг “эпидемиологик маршрутини” ҳисоблаб чиқа бошладилар ҳамда ушбу маълумотлар асосида статистик кўрсаткичлар шакллантирилган эди. Шу билан бирга тиббиётчилар истисно бўлиши мумкинлигини инкор этмаяптилар.
“Келинглар,юзага келган ҳолатнинг битта жиҳатига эътибор қаратайлик. Ўзбекистон ҳудудида биринчи бемор 2020 йилнинг 15 март куни қайд этилган. Бироқ биз бу касаллик мамлакатимизга олдинроқ ҳам кириб келган бўлиши эҳтимолини инкор этмаяпмиз”, — деди Отабеков.
Санитария-эпидемиология назорати бўйича давлат инспекциясининг бош инспектори бу гапларини Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Республика махсус комиссиясининг карантин чекловларини кучайтириш бўйича қарорига бағишланган брифингда айтиб ўтди. Шу ернинг ўзида у аҳоли ўртасида коронавирусга нисбатан “жамоатчилик иммунитети” шакллана бошлаётганини билдириб ўтди.
Отабеков локдауннинг асосий мақсади – касалланиш даражасини пасайтириш ва ўлим ҳолатларини камайтиришдан иборат эканлигини эслатиб ўтди. “Ғалабанинг ғолиблари ва иштирокчилари кўп! Бироқ келинг, ҳар биримиз ушбу хавотирли кунларда масъулиятли шахс бўлишимиз кераклигини унутмайлик”, — дея чорлади у.
Ўзбекистоннинг бош санитар инфекционисти Эркин Мусабаев COVID-19 бўйича статистика рақамлари пасайтилган бўлиши эҳтимоли борлигини билдирди. Унга кўра, ҳақиқий касалланиш билан рўйхатга олинаётган касалланиш бўйича фарқланиш бор, бунга касалхоналарда даволанишни истамайдиган симптомсиз (касаллик аломатлари намоён бўлмайдиган) беморлар сабаб бўлиши мумкин.
Ўзбекистонда 10 июлдан бошлаб тўйлар ва оммавий тадбирлар тақиқланди, буюм бозорлари, йирик дўконлар, қаҳвахона ва ресторанлар, истироҳат боғлари, болалар боғчалари ва санаторийлар ёпиб қўйилди. Ёши 65 дан юқори қарияларга жамоат жойларида юришлари тақиқланди, қолган одамларнинг кўчаларда уч кишидан ортиқ гуруҳларга тўпланиши мумкин эмаслиги эълон қилинди.
Бу чоралар мамлакатда касалланиш ўсиб бораётгани ҳамда вафот этаётганларнинг сони кўпайиб кетгани муносабати билан қабул қилинмоқда. 9 июль куни коронавирусга чалинишнинг 472 та ҳолати қайд этилди, зарарланишнинг умумий сони 11 564 тага етди. Бир куннинг ўзида COVID-19 инфекцияси туфайли олтита бемор вафот этгани қайд этилди, ўлганларнинг сони 51 тага етди.