Қозоғистон чегарасида мингга яқин тожикистонлик ва ўзбекистонлик фуқаролар тўпланиб қолган

Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасидаги назорат-ўтказиш маскани. Informburo.kz сайти фотосурати

Қозоғистон республикаси Туркистон вилояти Сариағаш тумани “Жибек Жоли” назорат-ўтказиш масканида ватанига қайтишни ўз олдига мақсад қилиб олган юзлаб Ўзбекистон ва Тожикистоннинг фуқаролари тўпланган, дея маълум қилди Туркистон вилояти ҳокимининг ўринбосари Сакен Қалқаманов Facebook ижтимоий тармоғидаги ўзининг саҳифасида.

Давлат амалдорига кўра, икки давлат фуқароларининг ўз уйларига етиб олиши масаласини муҳокама қилаётган дипломатларнинг музокараларини 530 нафар тожикистонлик ва 400 нафар ўзбекистонлик кутмоқда.

107 нафар тожикистонлик аёллар ва болалар 1 июнь куни Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтдилар, қолганларни эса маҳаллий ҳокимият идоралари ичимлик суви ва бир кунда бир марталик иссиқ овқат билан таъминладилар. Чегарада бостирма ўрнатилган, у қуёшнинг ўткир тиғларидан ҳимоя қилмоқда. Уларнинг ёнида 20 нафар полициячи ва тез ёрдам машинаси навбатчилик қилмоқда.

Айрим тожикистонлик мигрантлар “Озоди” радиосига айтиб беришларича, уларни Олма-Отадан назорат-ўтказиш манзилига Тожикистон элчихонасининг ходимлари етказиб келишган. “Биз бу ерга еттита автобусда тунги соат 12 да етиб келдик. Бу ерда, “Жибек Жоли”да уч юзга яқин юртдошларимиз бор экан. Бизни Тожикистон чегарасигача етказиб қўйишларини маълум қилишди. Бироқ бизни мана шу назорат-ўтказиш масканига олиб келиб, ўз ҳолимизга ташлаб кетишди”, — дея надомат қилади тожикистонлик Илҳом Бобиев.

Карантин бошланганидан бери мигрантлар вақти-вақти билан транзит давлатларининг чегараларида тўпланиб қолишяпти. “Жибек-Жоли” назорат-ўтказиш масканидан июнь ойи бошидан бери бир неча гуруҳ мигрантлар ватанига жўнатиб юборилди. Карантин бошланганидан бери ватанига 41 мингдан зиёд Ўзбекистон фуқаролари ва 850 нафар тожикистонликлар ўз уйларига қайтдилар.

Россия-Қозоғистон чегарасининг “Маштаково” ва “Сагарчин” назорат-ўтказиш масканлари ёнида ҳам ўзбекистонликлар тўплангани кузатилмоқда, дея хабар беради Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги.

“Бизнинг Москва ва Нур-Султондаги элчихоналаримиз, Қозон ва Ақтаудаги бош консулхоналаримиз вазиятни назорат остига олишган, Россия ва Қозоғистоннинг ваколатли органлари билан музокаралар олиб борилмоқда. Ташқи ишлар вазирлиги Тезкор штаби ва Республика махсус комиссиясига юзага келган мураккаб вазият ҳақида маълумот киритилган”, — дейилади Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабарномасида.

Жорий йилнинг 1 июнь кунидан бошлаб Россиянинг турли шаҳарларидан Ўзбекистонга 25 та чартер рейслари ташкил этилди, шу ҳафтанинг охиригача Новосибирск, Қозон, Екатеринбург, Москва, Ростов-Донга навбатдаги рейслар кутилмоқда. Тожикистон элчихонаси Россиядан олиб чиқувчи рейсларга йўловчиларни рўйхатга олишни тўхтатиб қўйди. Бунинг сабаби – ватанига қайтмоқчи бўлаётган одамларнинг сони режалаштирилган чартер рейсларидаги ўринлардан анча кўп бўлган ва шу сабаб қўшимча 10 рейсни ташкил этиш режалаштирилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ