Мирзиёев пандемияга қарамай, инвестициялар бўйича белгиланган режани бажарилишини талаб қилди

Йиғилиш видеоанжуман тарзида ўтказилди . Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев коронавирус пандемияси билан боғлиқ хатарлар таъсири остида инвестицияларни ўзлаштиришнинг прогноз кўрсаткичларини бажариш кечикаётганига қарамай, инвестицияларни жалб этиш ва экспорт бўйича прогноз кўрсаткичларни ҳамда хорижий шериклар билан эришилган келишувларни ўз вақтида амалга оширишга топшириқ берди. Бу ҳақда мамлакатнинг инвестицион ва ташқи савдо фаолияти прогноз кўрсаткичларининг жорий йил I ярмидаги ижросини муҳокама қилишга бағишланган видеоанжуман тарзида ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.

Шу муносабат билан Мирзиёев 2020 йил якунига кўра кўзланган натижаларга эришиш мақсадида амалга оширилиши режалаштирилган инвестиция лойиҳаларининг кўрсаткичлари ва рўйхатларини қайта кўриб чиқиш топшириғини берди. Йил якунига келиб республика иқтисодиётига жалб қилинган инвестициялар ҳажми 9,9 миллиард долларни, шу жумладан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар – 6,8 миллиард, халқаро молиявий институтлар маблағлари – 3,1 миллиард долларни ташкил этиши кутилмоқда.

Пандемия оқибатида глобал бозордаги талаб ва таклифнинг пасайишини эътиборга олиб, Республика комиссиясига 2020 йилнинг иккинчи ярмида экспорт салоҳиятини ошириш бўйича чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш вазифаси юклатилди. Мазкур чораларнинг амалга оширилиши натижасида йилнинг охирига келиб Ўзбекистон экспорти $17,1 миллиардга етиши кутилмоқда.

Тижорат банкларини етарли ресурслар билан таъминлаш мақсадида халқаро молиявий институтларнинг 1,2 миллиард доллар миқдоридаги маблағлари жалб этилди. Ҳисобот даврида умумий қиймати 1,8 миллиард долларлик 28 та йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобига 3,8 мингта янги иш ўрни яратилишига эришилди.

Йиғилишда Япония, Жанубий Корея ва Бирлашган Араб Амирликлари билан қўшма лойиҳалар муҳокама қилинди. Бугунги кунда Бирлашган Араб Амирликлари билан умумий қиймати 4 миллиард доллардан ортиқ аниқ лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. БАА сармояси иштирокидаги корхоналар сони 141 тани ташкил этди. Хусусан, “Masdar” компанияси Навоий вилоятида 500 МВт қувватига эга шамол электр станцияси қурилишига инвестиция киритмоқда, сармояларнинг умумий ҳажми эса 500 миллион доллардан ошади. Шунингдек, Абу-Даби тараққиёт фонди Самарқанд шаҳрининг инфратузилмасини модернизация қилишда иштирок этмоқда.

Япония билан умумий қиймати 5,6 миллиард долларлик 48 та лойиҳа, шу жумладан, “HIS” компанияси билан меҳмонхона мажмуаларини қуриш, “Isuzu” ва «Itochu» компаниялари билан «СамАвто» қўшма корхонасининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) билан Навоий иссиқлик электр станциясида энергетик блоклар барпо этиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Корея лойиҳалари орасида – Тошкент шаҳрида кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази ҳамда Фарғона шаҳрида Ўзбекистон-Корея халқаро университетини ташкил этиш, Тошкент вилояти Зангиота туманида Инновацион илмий ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини қуриш, Кимёвий технологиялар маркази, ёши катталар учун клиника қуриш, тиббиёт ва таълим муассасаларини жиҳозлаш бўйича лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилган. Япония ва Жанубий Корея билан қўшма лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида жами 1 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестицияларни ўзлаштириш кўзда тутилмоқда.

Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақалари иқтисодиётида 4,7 фоизга пасайиш кутилмоқда, иқтисодий рецессия деярли барча мамлакатларни қамраб олади. Жаҳон банки кутилмаларига кўра, Ўзбекистон Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари орасида биргини Ўзбекистонда 2020 йилда коронавирус пандемияси шароитида 1,5% даражасида иқтисодий ўсиш прогнози берилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ