Россияда Путиннинг президентлик муддатлари нолга туширилди

Владимир Путин . Kremlin.ru сайти фотосурати

Россияда Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича овоз бериш тадбири ниҳоясига етди ва ундаги натижалардан бири — Владимир Путиннинг президентлик муддатларини «нолга тушириш» бўлиб, эндиликда у назарий жиҳатдан Россия Федерациясининг умрбод президентига айланиш имкониятини беради. Марказий сайлов комиссияси (МСК) баённомаларининг 99,01 фоизи қайта ишлангани натижасини эълон қилди: ўзгартиришларни ёқлаб 78,03% ва қаршилар – 21,16% овоз берилган, дея хабар беради РИА “Новости”.

Москвада ўзгартиришларни ёқлаб сайловчиларнинг 66,15%, қарши – 32,9% овоз бердилар. Ушбу маълумотларни жамоатчилик штаби баённомаларнинг 96,7 фоизини қайта ишлаб чиққанидан кейин маълум қилди. Туманларнинг бирида (Раменка) камералар томонидан қайд этилган бюллетенларни ноқонуний тарзда кўплаб ташлангани боис натижалар бекор қилинди. Ўша куннинг ўзида 1 июлда Пушкин майдонида ўзгартиришларга қарши рухсат берилмаган норозилик намойиши бўлиб ўтди.

Овозлар ҳисобга олинаётганининг дастлабки босқичида “норози” саналган ҳудудлар қаторида Коми бўлиб қолди, у ерда 5,2 фоиз баённомалар қайта ишланганида сайловчиларнинг 68,88 фоизи қарши ва 29,93 фоизи ўзгартиришларни ёқлаб овоз бергани маълум бўлганди. Бироқ тез орада натижалар ўзгарди. Баённомаларнинг 28,31 фоизи кўриб чиқилганида ўзгартиришларни ёқлаб 66,19% ва қаршилар 32,89 фоизни ташкил этиши маълум бўлди.

Пировардида, Ненец автоном округи ягона қарши регион бўлиб чиқди, бу ерда сайловчилларнинг аксарияти ўзгартиришларга қарши овоз бердилар. Ўзгартиришларни ёқлаб 45%, қаршилар — 54% бўлди.

Маъқуллашнинг энг юқори даражаси Тувада (96%дан кўпроқ) ва Чеченистонда (97%дан зиёд) қайд этилди.

Meduza нашри ўтказилган сайловларни “мамлакатнинг янги тарихида энг ғайриодатий сайлов процедураси” деб атади. Ушбу жараён федерал сайлов қонунчилиги билан эмас, балки 2020 йилнинг март ойида қабул қилинган махсус “Конституцияга ўзгартиришлар тўғрисида” қонуни билан тартибга солинди. Ушбу қонунга мувофиқ овоз бериш процедураси бутунлай Марказий сайлов комиссияси томонидан белгилаб берилган.

Овоз бериш етти кун давомида –25 июндан 1 июлгача, шу жумладан, уйолди ҳудудларида ўтказилди. Ижтимоий тармоқларда сайлов комиссиялари аъзоларининг кўп қаватли уйларнинг ҳовлиларида жойлашган ўриндиқ ва каруселларида ўтириб олганлари ҳамда автомобил юкхоналарига ўрнатилган сайлов қутиларининг фотосуратлари кулги остига олинган эди. Россия сайлов жараёни учун янги саналган ушбу услублар ёрдамида Кремль кутган 55 фоиздан кўпроқ сайловчиларнинг овоз беришда иштироки ҳамда зарур рақамлар таъминланди, деган хулосалар мавжуд.

Ушбу суратдан кейин рус сайлов лексиконида «тўнгакда овоз бериш» ибораси пайдо бўлди. Navalny.com сайти фотосурати

«Овоз бериш фуқаровий ҳаракат акти бўлиши мумкин эди, деярли натижага таъсир қилмади. Эндигига эълон қилинган “натижалар”— сохтачилик ва улкан ёлғондир, — деди мухолифатдаги сиёсатчи Алексей Навальный. — Сайлов натижаларининг Россия фуқаролари фикри билан ҳеч қандай боғликлиги йўқ. Путин бошиданоқ ушбу “овоз бериш”да ютқазди. Ахир у барча тамойилларга асосланган ва кузатувчилар иштирокида референдум ўтказишдан бош тортди. Чунки у қоида ва процедураларга амал қилинса ютқазишини тушунарди. Рақамларни бўжаб чиқиш мумкин бўлган жойдагина ютиб чиқиш мумкин».

Олдинроқ Кремлни Конституцияга киритиладиган ўзгаришлар бўйича референдумни COVID-19 эпидемияси пайтида ўтказилаётгани, Москва шаҳар ҳокими Сергей Собянинни эса қўққисдан карантин чекловларини бекор қилгани учун танқид қилишган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ