CPJ Тожикистон раҳбарини фейклар учун жазога тортиш тўғрисидаги қонунни имзоламасликка чақирди

Flickr сайтидаги Lewis Odgen фотосурати

Халқаро “Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси” (CPJ) ташкилоти Тожикистон президенти Имомали Раҳмонни пандемия тўғрисидаги ҳақиқатга тўғри келмайдиган хабарларни тарқатганлик учун жаримага тортиш ва маъмурий қамоққа олишни жорий этувчи қонун ўзгаришларни имзоламасликка чақирди. Ташкилотнинг ушбу баёноти унинг сайтида чоп этилган.

CPJ вакиллари қайд этишича, қонун лойиҳасида коронавирусга қарши кураш тўғрисидаги ахборотнинг ҳақиқийлигини ким ва қандай йўл билан аниқлаши тўғрисида сўз юритилмаган. Европа ва Марказий Осиё бўйича CPJ мувофиқлаштирувчиси Гулноза Саидга кўра, киритилажак ўзгартиришлар амалда тожикистонлик мансабдор шахслар учун “цензурага бериладиган лицензия” бўлиб қолади. “Президент Имомали Раҳмон қонунчиликка киритилиши таклиф этилаётган ўзгартиришларни маъқулламаслиги ҳамда матбуотга ва ижтимоий тармоқларга қаратилган ушбу босимни тўхтатиши керак”, — дейди у.

Тожикистон Мустақил оммавий ахборот воситалари миллий уюшмасининг раҳбари Нуриддин Қаршибаев билдиришича, қонун ўзгартиришларининг асосий мақсади – ахборот олиш ва тарқатишга чекловларнинг киритилишидир. Қонун лойиҳасидаги мужмал иборалар бўлгуси президент сайловлари олдида давлат томонидан журналистларни таъқиб этиш имконини беради, дейди у.

Агар қонун ўзгаришлари кучга кирса, ҳақиқий бўлмаган ахборотни тарқатишда айбдор дея тан олинган фуқаролар 580 дан 1160 сомоний ($57-113) миқдорида, нашрлар эса 8,7 мингдан 11,6 минг сомонийгача ($850-1130) жаримага тортилишлари мумкин. Бундан ташқари, санкциялар 15 суткагача маъмурий қамоққа олиш жазосини ҳам кўзда тутади. Қонун ўзгаришлари айни пайтда парламентнинг юқори ва қуйи палаталари томонидан тасдиқланиб, маъқулланган ҳамда имзо чекиш учун президентга йўналтирилган.

23 июнь куни Тожикистон жамоат ташкилотлари ва ОАВ вакиллари ҳам президентга мурожаат қилиб, қонун ўзгартиришларни бекор қилишга чақирдилар. Улар қонун лойиҳаси цензурани кучайтириши ҳамда аҳолининг хавфли касалликлар тўғрисидаги ахборотни олиш ва тарқатиш имкониятларини чеклаб қўйиши мумкин, деб билдирдилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Марказий Осиё мамлакатларида аёллар эркинлиги ва хавфсизлиги қай аҳволда?

  • Марказий Осиёлик мигрантларни оммавий равишда ҳаттоки масжидларда ҳам фронтга «таклиф» қила бошлашди

  • Марказий Осиёдаги барқарорлик Тожикистон ва Қирғизистон чегарадаги келишмовчиликларни қанчалик тез тугатишига боғлиқ

  • Марказий Осиё футболи учун Россия терма жамоасидан нима фойда борлиги ва «Марказий Осиёликларнинг ўзаро кураши» қандай якунланиши ҳақида