Ўзбекистонда ички ишлар органлари раҳбарларини инсон қадр-қимматини қадрлашга ўргатадилар

Масъул шахслар Мирзиёев ўтказаётган йиғилишда унинг топшириқларини ёзиб олишмоқда . Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистондаги барча ҳуқуқ-тартибот идоралари нинг раҳбар ходимлари “Инсон қадр-қиммати — энг олий қадрият” дея номланган махсус ўқув курсларида ўқитилади. Бу ишни ташкил қилиш вазифасини республика раҳбари Шавкат Мирзиёев Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази, Омбудсман ва Тошкент давлат юридик университетига юклади, дея хабар берилади президент сайтида.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида ички ишлар органларида содир бўлган икки фожиали ҳодиса – Андижонда шаҳарлик йигитнинг сўроқдан кейин ҳалок бўлиши ҳамда Қашқадарё вилояти Чироқчи туман Лангар қишлоғидан ўғирликда гумонланган шахснинг ички ишлар бўлимида ўлгани муҳокама қилинди. Инсон қадр-қимматига бағишланган курсларнинг ташкил этилиши билан боғлиқ топшириқ айнан шу воқеалар туфайли берилган.

Мирзиёев ҳозирги тергов сифати ва ходимларнинг малакасини танқид остига олди. Жорий йилнинг 5 ойида тергов органлари асоссиз айб қўйган 323 нафар фуқаро судлар томонидан оқланган, 1 минг 854 нафар шахсга нисбатан қўйилган асоссиз айбловлар олиб ташланган. Ўтган йилнинг ўзида 236 нафар оқланган шахсга давлат ҳисобидан 6,7 миллиард (658 минг АҚШ доллари) сўмлик моддий ва маънавий зарар тўлаб берилган. Президент бир қатор мутасадди идораларга Тергов институтини ташкил этиш, терговчилик касбини эгаллашга мутлақо янги талабларни ишлаб чиқиш, соҳага илғор тажриба ва стандартларни жорий этиш вазифаларини қўйди.

Аҳолидан шикоят олиш вазифаси депутат ва сенаторларга юклаб қўйилди. Бундан буён улар ўзлари сайланган ҳудудларда судьялар корпуси, сектор раҳбарлари ва жамоатчиликни жалб қилган ҳолда Одил судловга кўмаклашиш ва коррупцияга қарши курашиш бўйича мунтазам равишда мулоқотлар ўтказиб борадилар. Аҳоли томонидан кўтарилган адолатсизлик ҳолатлари ва муаммолар ҳар чоракда маҳаллий кенгашларда танқидий муҳокама қилиниб, мутасаддилар олдига аниқ саволлар қўйилади ва масъулиятига баҳо бериб борилади.

Олий Мажлисдаги махсус қўмиталар ҳар бир ҳудуднинг одил судлов ва коррупция масалаларига оид рейтинг юритилишига бош-қош бўлиб, ҳар ярим йилда натижалари бўйича парламент эшитувлари ва текширувларини ўтказиб боради.

Айни пайтда Андижон ва Қашқадарё вилоятларидаги жиноятларга алоқадор ўн бир нафар ички ишлар ходимлари қонун олдида жавоб бермоқда. Етти нафар раҳбар лавозимидан озод этилди, яна ўн олтитаси интизомий жавобгарликка тортилди.

Мазкур ҳодисалар яқинда “Юксалиш” ҳаракати томонидан ташкил этилган мунозаралар давомида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари билан муҳокама қилинган эди. Республика ички ишлар вазирининг ўринбосари Рустам Хатамов жиноятчилик ҳолатлари билан бевосита тўқнашаётган ички ишлар ходимлари кундалик фаолиятида тез-тез стресс, зўриқиш ҳолатига тушиб қолиши боис, улар учун психологик қувватлаш ишларини янада кучайтириш зарурлигини билдирди, омбудсмен Улуғбек Муҳаммадиев эса қўлга олинган маҳбусларнинг шикоятларини ўрганиш учун алоҳида ташкилот – Қийноқларга қарши қўмита тузиш ғоясини кўтариб чиқди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ