Осиё тараққиёт банки раҳбарияти Ўзбеистон ҳукуматига $500 млн миқдорида кредит ажратилишини маъкуллади. Бу маблағ республика Инқирозга қарши курашиш жамғармасига берилади ва у COVID-19 пандемиясининг иқтисодиётга кўрсатган зарари оқибатларини барҳам топтиришга йўналтирилади, дея хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг матбуот хизмати.
Молия вазирлигининг аниқлик киритишича, мазкур кредит Ўзбекистонга 15 йилга уч йиллик имтиёзли давр билан берилган.
ОТБ маблағи макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, иқтисодиётнинг стратегик соҳаларининг тинимсиз ишлашини таъминлаш, шунингдек, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга йўналтирилади. Бундан ташқари, ушбу маблағлардан ўпкани сунъий нафас олдириш аппаратлари, тест тизимлари, шахсий ҳимоя воситаларини сотиб олиш ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасида фаолият юритаётган аёлларга алоҳида ижтимоий пакетлар бериш учун ҳам фойдаланилади.
Бундан олдин ҳам ОТБ Ўзбекистонга коронавирус пандемиясига қарши кураш учун молиявий ёрдам кўрсатганди. Минтақавий ҳамкорлик доирасида банк республика ҳукуматига $1,5 млн маблағ ажратганди.
2019 йил маълумотларига кўра, 1995 йил Ўзбекистоннинг ушбу молиявий ташкилотга аъзо бўлганидан бери ОТБ республикага $7,5 миллиарддан ортиқ молиявий ёрдам кўрсатган. Маблағнинг катта қисми энергетика ($2 млрд), транспорт ($1,6 млрд) ва молиявий соҳа ($1,6 млрд) билан боғлиқ лойиҳаларга сарфданган.
Ўзбекистонда илк бор COVID-19 инфекцияси 15 март куни қайд этилди ва эртаси кун бутун мамлакат бўйича карантин эълон қилинди, кўпгина корхоналар фаолиятини тўхтатди. Экспертларнинг хулосасига кўра, коронавирус пандемияси туфайли республика иқтисодиёти бу йили $1 млрд зарар кўриши мумкин.
25 июнь эрталабки ҳолатга кўра, мамлакатда COVID-19га чалинганларнинг сони 6990 та одамни ташкил этган, 4685 та бемор бу инфекциядан тузалиб кетган, 20 та одам ўлган.