Россиялик биснесмен Андрей Филатовнинг Altmax Holding Ltd компанияси Ўзбекистонда 1,5 минг МВт қувватга эга газга ишлайдиган Иссиқлик электр станциясини (ИЭС) қуриш ҳуқуқини қўлга киритди. Лойиҳанинг қиймати $1,8 млрд ташкил этади, дея хабар беради ТАСС.
Altmax бир неча йилдан бери Сурхондарё вилоятида жойлашган «Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги» газли ҳудудни ўзлаштиради. ИЭС қурилиши мана шу улкан лойиҳа доирасидан ўрин олган.
Филатовнинг сўзларига кўра, мазкур объект қурилишини молиялаштиришга ВТБ ва Газпромбанк қизиқиш билдирган. Лойиҳада имтиёзли кредитга ўз маҳсулотларини 15 йилга тақдим этадиган ускуналар ишлаб чиқарувчи корхона ҳаминвестор сифатида иштирок этиши мумкин.
Янги ИЭСнинг қуввати нафақат Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудларини электр энергияси билан таъминлаш, балки ресурсларни қўшни мамлакатлар – Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистонга экспорт қилишга имкон беради.
2017 йили «Коммерсант» Филатовнинг Brighttree Holding LTD компанияси Бахтиёр Фозиловнинг Altmax Holding Ltd улушини сотиб олганини хабар қилганди. Бу корхона ўша пайтнинг ўзидаёқ 100 млрд куб метр газ заҳирасига эга мазкур ҳудудни ўзлаштирувчи асосий ҳамкор сифатида ўзини намоён қилганди. Газ топилган ҳудудда газкимёвий мажмуа қуриш режаланди. Дастлабки ҳисобларга кўра, лойиҳанинг умумий нархи $5 млрд ташкил этади.
Жорий йил бошида Россиянинг Внешэкономбанки (ВЭБ) «Туронбанк» тижорат банкига гидро электр станциялари қуриш ва таъмирлаш учун 101,3 млн евро миқдорида кредит ажратганди. Бундан ташқари, ушбу молиявий ташкилот «Росатом» давлат корпорацияси томонидан Ўзбекистонда қурилажак биринчи Атом электр станцияси қурилишида иштирок этади. Жумладан, банк пудратчиларга қурилиш ва савдони молиялаштиришга ҳам кафолат беради.