Саудия Арабистони чет эллик зиёратчилар учун ҳажни бекор қилди

Зиёратчилардан ҳоли қолган Макка шаҳри. VOA News YouTube-канали намойиш этган видеолавҳадан кадр

Саудия Арабистони 2020 йилда коронавирус пандемияси муносабати билан ҳаж зиёратини чеклаб қўйди ва бу маросимни адо этишга фақат мамлакатда қолган одамларга рухсат берди, дея хабар беради Al Jazeera.

“Бу йил ҳаж мавсумини қиролликда истиқомат қилаётган турли миллат вакилларидан бўлган чекланган миқдордаги иштирокчилар билан ўтказишга қарор қилинди”, — дейилади одатда зиёратчиларга виза бериш билан шуғулланадиган Ҳаж вазирлигининг баёнотида.

Вазирлик ушбу қарорни дунё бўйича COVID-19 коронавирус инфекцясини юқтириб олаётган одамларнинг сони ўсиб бораётгани, бу дардга қарши вакцина яратилмагани ҳамда ҳаж аҳкомлари ва маросимларини бажаришда ижтимоий масофага риоя қилишнинг имконияти йўқлиги ҳамда хорижий мамлакатларда жуда кўп сонли зиёратчиларнинг келиши билан асосламоқда.

Маккага ҳар йили ҳаж маросимини адо этиш учун икки миллиондан зиёд зиёратчилар, шу жумладан, кўплаб чет эллик ҳожилар тўпланадилар. Ҳаж зиёратининг бекор қилиниши ортидан келадиган молиявий зарар Саудия Арабистони иқтисодиёти учун сезиларли даражадаги зарба бўлиб қолиши аниқ, негаки бу мамлакатнинг иқтисодиёти нефть нархларининг қулаши оқибатида жуда катта юкламаларни бошидан кечирмоқда.

2019 йилда 2,5 миллиондан зиёд мусулмонлар адо этган тўла кўламли ҳаж маросимини бу йил ўтказиш борасида гумонлар катта эди, негаки, пандемия туфайли мамлакат расмийлари бу улкан тадбирга тайёргарчилик ишларини кейинга қолдиришни тавсия қилган эдилар.

Олдинроқ дунёда мусулмон аҳолиси сони бўйича биринчи ўринда турадиган Индонезия (бу мамлакат аҳолисининг 88 фоиздан кўпроғини мусулмонлар ташкил этади) бу йил ҳаж маросимида иштирок этиш ниятидан воз кечди ва шундан кейин Малайзия, Сенегал ва Сингапур каби мамлакатлар ҳам ундан ибрат олиб, ҳажга одам юбормасликка қарор қилдилар.

Саудия Арабистони февраль охирида умра зиёратини тўхтатиб қўйган эди. Яқин Шарқ мамлакатлари ичида Саудия Арабистони Қироллигида коронавирусга чалинишнинг энг юқори даражаси кузатилмоқда. Бу мамлакатда COVID-19 инфекциясини юқтириб олишнинг 161 мингта ҳолати қайд этилган бўлиб, 1307 нафар бемор вафот этган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ