АҚШда Совет Иттифоқи Коммунистик партияси Марказий Қўмитаси биринчи котиби Никита Хрушчевнинг Америкада 1990 йиллар бошидан бери дарс бераётган ўғли, олим, публицист ва тарихчи Сергей Хрушчев 84 ёшида вафот этди. Бу ҳақда РИА “Новости” оиланинг дўсти, собиқ дипломат Марк Гаррисонга таянган ҳолда хабар беради. Бу янгиликни кейинроқ РБК Никита Хрушчевнинг эвара қизига таяниб хабар берди.
Сергей Хрушчев 2020 йил 18 июнь пайшанба куни Род-Айленд штати, Провиденс округи Кранстон шаҳрида вафот этди. Ўлим сабабига аниқлик киритилмаган.
Умрининг сўнгги йилларида у жон-дили билан Россия оммавий ахборот воситаларига интервьюлар берар, шу жумладан, Россияда намойиш этилиши тақиқланган “Сталиннинг ўлими” комедиясини “жирканч ёлғон” ва “тарих устидан кулиш” сифатида танқид қилар, отаси Сталинни мавзолейдан Қизил майдонга бекорга чиқариб юборган, дея афсусланарди.
Сергей Хрушчев 1935 йил 2 июль куни туғилган. Унинг онаси Нина Кухарчук бева бўлиб қолган Никита Хрушчевга 1922 йилда турмушга чиққан ва унинг учиничи хотини бўлган. Улар ўз турмушларни 1965 йилда, Хрушчев пенсияга чиққанидан кейингина расийлаштириб олишган.
Сергей Хрушчев 1958 йилда Москва Энергетика институтини (МЭИ) тамомлаган ва шундан кейин Челомейнинг тажриба конструкторлик бюросида ишлаб, бу ерда баллистика ракеталарини ишлаб чиқариш билан шуғулланган. 1963 йилга келиб у техника фанлари доктори, профессор, Ленин мукофоти лауреати ва Социалистик Меҳнат Қаҳрамони бўлди.
Отаси КПСС МҚ биринчи котиби лавозимини тарк этганида, Сергей Хрушчев Электрон бошқарувлари машиналари институти директорининг ўринбосари, “Электронмаш” Илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси бош директорининг ўринбосари лавозимида ишлай бошлади.
Сергей Хрушчев 1991 йилда АҚШга кўчиб келди, уни бу ерга маҳаллий университетларидан бири “Совуқ уруш” тарихидан маърузалар ўқишга таклиф қилганди. Кейинроқ у Америка Қўшма Штатларида яшаш ва ишлаш ҳуқуқини олди, йигирма йилдан зиёд вақт давомида Род-Айленд штатидаги Браун университетида дарс бериб келди.
У ўзининг отаси тўғрисидаги бир қатор рисолалар, шу жумладан, “Иттифоқ миқёсидаги пенсионер”, “Супердавлатнинг туғилиши” (“Рождение сверхдержавы” дея аталган асар олдинига “Инқирозлар ва ракеталар” дея ном олганди) ҳамда отасини одамларни “тўйдиришга, кийинтириб, уй-жойлар билан таъминлашга” уринган қишлоқ хўжалиги ва турар жой коммунал хўжалик тизимининг ислоҳотчиси сифатида тақдим этган “Реформатор” дея аталувчи трилогиянинг муаллифи бўлади.
У Хрушчевнинг ички сиёсати билан тарихчилардан ҳеч ким жиддий шуғулланмаган, китобларнинг аксарияти чиққан АҚШда эса унга “совуқ уруш” даврининг душмани сифатида қараяптилар ва унинг реформаторлиги билан қизиқмаяптилар, деб ҳисоблаб келган. У Россиядаги Хрушчев тўғрисида чоп этилган тенденцияли мақолаларни фош этишни ўз олдиган мақсад қилиб олган ва ҳозирги президент Владимир Путин Хрушчевнинг реформаторлик йўлини қайтармоқчи бўлаётганини исботламоқчи бўлган.
Сергей Хрушчев 2014 йилда Republic нашрининг Владимир Путиннинг бошқарув даври қачон тугайди, деган саволига Путин 2024 йилгача давлат бошқаруви устида қолиши мумкин, деган тахминларни илгари сурди.