Facebook ижтимоий тармоғида бир гуруҳ ўзбекистонлик фуқаролар, шу жумладан, бошқа мамлакат резидентлари томонидан 1989 йилда Фарғона вилоятида миллатлараро низо асосида содир бўлган қирғин учун кечирим сўралаётган мактуб чоп этилди.
Мактуб муаллифлари қирғинни инсониятга қарши жиноят сифатида баҳоладилар ҳамда содир бўлган ҳодиса учун асосий жавобгарликни ўзбошимча мақкамалар (самосуд) ўтказган қирғинлар иштирокчиларининг зиммасига юкладилар.
“Маҳаллий ҳокимият жавобгарлиги ҳақида гапирадиган бўлсак, мавжуд маьлумотларга кўра, маҳаллий милиция ва маҳаллий ҳокимият идоралари воқеалар бошиданоқ месҳети туркларни муҳофаза қилишга ҳаракат қилишганини тан олишимиз керак, лекин уларнинг кучи зайифлик қилган. Милиция безорилар ҳужумига бардош бера олмади, бир неча милиция ходимлари ҳам қурбон бўлишди. Ички қўшинлар томонидан тезкор ва қатъий чоралар зарур эди. Бироқ маълум бўлишича, бу қўшинларни жалб қилишга кечикдилар. Бу эса қирғинларнинг воқеалар бошланиш марказларидан ташқарига қараб анча кенг тарқалишига имкон берди”, — дейилади мактубда.
Мактуб муаллифларининг билдиришича, “Ички қўшинларнинг сустлиги сабабларини алоҳида ўрганиш лозим, бунинг учун Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикасининг давлат ва партия архивларига йўл очилиши керак”. Улар икки мамлакат расмийларини (Россияни – СССРнинг вориси сифатида) “месҳети турклар халқи тақдири учун ўз жавобгарлигини англашига ва ушбу миллатнинг оммавий қалбида ҳали ҳам қонаётган ярани даволаш учун барча чораларни кўришга” чақирмоқдалар.
Мактуб муаллифлари фикрига кўра, месҳети туркларнинг тақдири бошқа депортация қилинган халқлар орасида анча аянли бўлган, «ҳанузгача улар ўзлари учун муқим, бир Ватанда жамоат бўлиб яшашдан йироқ ҳолда тўққизта давлат ҳудудида истиқомат қилмоқдалар».
Советлар раҳбарияти томонидан уюштирилган оммавий депортацияга қадар месҳети турклари Грузия ҳудудида жам бўлиб истиқомат қилишган. 1944 йилда уларга нисбатан “колхоз тузумига қаши чиқишда”, “давлат чегарасини бузишда”, “контрабанда билан шуғулланувчи душманларга кўмак беришда” ва Туркия разведка идораларига айғоқчилик унсурларини ёллашда манба бўлиб ва жиноий гуруҳларни ташкил этишда хизмат қилишда ҳамда Туркиянинг чегарадош ҳудудларида яшаётган аҳоли билан қариндошлик муносабталарида бўлиб, муҳожирлик кайфиятларини намоён этишда айбловлар қўйилди.
1944 йил 15 ноябрь куни НКВД (Ички ишлар халқ комиссарияти) қўшинлари месҳети турклари истиқомат қилаётган ҳудудга келиб уларнинг депортация қилишга киришдилар. Жами 115 минг киши сургун қилинган, йўлда 15 минг киши, сургуннинг биринчи олти ойи давомида 37 минг киши ва шу жумладан 17 минг нафар ёш болалар ҳалок бўлган. Месҳети туркларининг аксарият қисмини Ўзбекистон ССРга жўнатилган, кўпчилик Фарғона вилоятига олиб келинган.
Фарғона вилоятида месҳети туркларининг қирғини 1989 йил 23 май куни бошланиб 8 июнгача давом этган. Тўқнашувнинг сабаблари турлича кўрсатилмоқда. Фаразлардан бирига кўра, бир ликопчадаги қулупнай сабаб бўлган: гўёки қулупнай сотаётган аёлга турк йигити қўполлик қилиб, қулупнайни ағдариб юборган ва аёлнинг ёнини олган одамлар билан муштлашув бошланиб кетган. Бошқа фаразга кўра, жанжал пивохонада бошланиб, бир ўзбек йигити ҳалок бўлган. Учинчи фаразга кўра, бир ўзбек қизи зўрланган ва айбни месҳети-турк йигити зиммасига юкланан. Қирғин давомида 757 та уй ёндириб юборилди, 103 киши вафот этди (шу жумладан, 52 турк ва 26 нафар ўзбек), 1011 киши турли даражадаги жароҳатларни олган. Расмийлар шошилинч тарзда месҳети туркларини Россияга олиб чиқишни ташкиллаштирдилар. Ўзбекистонни жами 100 мингдан зиёд одам тарк этди, кейинчалик улар Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Туркия ва АҚШда катта дипспораларни туздилар.