Тошкент қўшни республикалардаги таълим сифати паст олий ўқув юртларини санаб ўтди

Қозоғистонда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар. Liter.kz сайти фотосурати

Тожикистон ва Қирғизистондаги 16 та олий таълим муассасасининг таълим сифати Ўзбекистон меҳнат бозорига тўғри келмайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инстекцияси ҳисоботида гап юритилади.

Ташкилот хориж дипломларига эга одамларнинг нострификация (дипломнинг тан олиниши) учун тест топшириқлари асносида Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондаги олий таълим сифатини таҳлил қилган.

Қирғизистоннинг таълим сифати паст ОТМлари рўйхатига — Халқаро Марказий Осиё университети, Қирғиз-ўзбек университети, Халқаро тиббиёт олий мактаби, Боткен давлат университетининг Қизилқия педагогика институти, Ўш гуманитар педагогика институти, Жалолобод давлат университети, Ўш давлат юридик институти, Майлису иқтисодиёт ва бошқарув институти кирган.

Шунга ўхшаш рўйхатга Тожикистондаги Тожик очиқ университети, Хўжанд давлат университети, Тожикистон давлат педагогика университети, Тожикистон ишбилармонлик ва сервис институти, Тожикистон давлат тиллар институти, Қўрғонтепа давлат университети, Тожикистон давлат ҳуқуқ, бизнес ва сиёсат университети киритилган. Инспекция маълумотига кўра, 2019 йили тожик ОТМларини тамомлаб дипломни ностарификация қилиш учун мурожаат қилганларнинг 58 фоизи Тожикистон давлат педагогика универститети ва 19 фоизи Хўжанд давлат университетини тамомлаган.

Қозоғистондаги олий таълим муассасалари номи келтирилмаган бўлсада, инспекция айрим ОТМлар катта рейтингга эга бўлсаларда, таълим сифати борасида оқсаланишини таъкидлайди. Ҳисобот муаллифларининг фикрига кўра, бу ҳолат қозоқ олий ўқув юртлари томонидан ўзбек талабаларининг имтиҳонсиз, масофали таълим формасида қабул қилинаётганидан келиб чиққан. Бу усулни қозоқлар «сиртдан ўқиш» деб атайдилар. Ўзбек ёшлари учун Жанубий Қозоғистон университети (38,71%), Халқаро қозоқ-турк университети (8,39%), Тараз давлат университети (4,89%) энг мақбул ОТМлардан саналади.

Инспекциядагилар қўшни давлатлар ОТМларида ўқиш пули «талабаларнинг сифатли таълим олишини кафолатлай олмасли»гига урғу берадилар.

Февраль ойида Ўзбекистон ҳукумати қўшни республикаларда таълим олаётган ёшларни мамлакатдаги ОТМларга имтиҳонсиз кўчириш таклифини киритди. Бу Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда ўқиётган кўпчилик ўзбек ёшларининг ватанга қайтишига сабаб бўлди. Кейинчалик Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 50 мингдан ортиқ талаба Ўзбекистон ОТМларига кўчириш учун ариза топширганини маълум қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Марказий Осиёлик мигрантларни оммавий равишда ҳаттоки масжидларда ҳам фронтга «таклиф» қила бошлашди

  • Марказий Осиёдаги барқарорлик Тожикистон ва Қирғизистон чегарадаги келишмовчиликларни қанчалик тез тугатишига боғлиқ

  • Марказий Осиё футболи учун Россия терма жамоасидан нима фойда борлиги ва «Марказий Осиёликларнинг ўзаро кураши» қандай якунланиши ҳақида

  • Тожик-қирғиз чегарасидаги ҳарбий ҳаракатлар оқибатлари фотосуратларда