Энергетика вазирлиги Қорақалпоғистон ва Хоразмда электр энергияси муаммоси ҳал бўлганини маълум қилади

Тахиатош ИЭС. Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати фотосурати

Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган “Тахиатош ИЭС”да 280 МВт қувватга эга иккинчи буғ-газ қурилмасининг ишга тушуриш жараёни амалга оширилди. Ушбу буғ-газ қурилмасининг ишга туширилиши Қорақалпоғистон ва Хоразм аҳолисининг электр энергиясига бўлган талабини тўлиқ қондиради, дея хабар беради республика Энергетика вазирлигининг матубот хизмати.

Иккита буғ-газ қурилмасидан 280 МВт қувватга эга бўлган биринчиси шу йил апрель ойида ишга туширилганди. Лойиҳани Hyundai Engineering Co. Ltd. ва Hyundai Engineering & Construction Co. Ltd компаниялари консорциуми амалга оширди. Дастлаб лойиҳанинг қиймати $457 млн экани айтилганди. Бироқ, «Газета.uz» нашрига кўра, ИЭСни модернизация қилиш $678,2 млн.га тушган, ундан $300 млн – Осиё тараққиёт банки кредити, қолгани давлат бюджети ҳисобидан бўлган. Эски энергоблоклар аста-секин демонтаж қилинади.

Буғ-газ қурилмасининг ишга туширилишидан олдин Тахиатош ИЭС 730 МВт қувватга эга эди. Биринчи энергоблок 1956 йили, охиргиси 1990 йили ишга туширилган. Станция табиий газ ҳисобига ишлайди.

2015 йили «Ўзбекэнерго» АЖ Тахиатош ИЭСда қуввати 230-280 МВт бўлган иккита буғ-газ қурилмаси тендерини ўтказган эди. Энг яхши таклиф Hyundai Engineering Co. Ltd. ва Hyundai Engineering & Construction Co. Ltd.компаниялари томонидан тушди. 2016 йили улар билан шартнома имзоланди.

Ўтган йил июль ойида мазкур иншоотда катта авария юз берди. Натижада Қорақалпоғистон ва Хоразмнинг бир нечта туманлари маълум вақт электр энергиясиз қолди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ