Ҳиндистон ва Хитой чегарасидаги тўқнашув натижасида 20дан зиёд ҳарбийлар ҳалок бўлдилар

News18.com сайти фотосурати

Ҳиндистон ва Хитой чегарасининг баҳсли участкасида хитойлик ва ҳиндистонлик ҳарбийлар ўртасида тўқнашув содир бўлди. Ҳиндистоннинг ANI News ахборот агентлиги маълумотига кўра, можарода 20 нафар ҳиндистонлик ҳарбийлар ҳалок бўлдилар ҳамда 43 нафар хитойликлар ҳалок бўлдилар ёки жабрландилар. Аммо Хитой армияси ўз сафида талафот бўлганини тан олмади.

Ҳодиса 16 июнь куни Ладакҳ ҳудудида содир бўлди. Бу можаро, дея қайд этади Би-би-си, Ҳиндистон-Хитой чегарасидаги 45 йилдан бери қурбонлар билан содир бўлган биринчи тўқнашув бўлиб қолди. Сўнгги ҳафталар давомида назорат йўналишида аскарлар ўртасида тез-тез муштлашувлар содир бўлаётгани айтилмоқда.

Ўқотар қуроллар қўлланмаган, жанжаллашаётган ҳарбийлар бир-бирларига тош отишиб, металл таёқлар билан дўппослашган. Ҳиндистон армияси аввал уч нафар ҳарбий – бир офицер ва икки аскарнинг ҳалок бўлгани ҳақида маълум қилди, бироқ кейинроқ олинган жароҳатлардан жони узилган ҳарбийларнинг сони кўпайди.

Ҳиндистон содир бўлган можарода Хитойни айбламоқда. Хитой расмийларининг билдиришича, ҳиндистонлик ҳарбийлар икки марта назорат чизиғини кесиб ўтиб, хитойликларга ҳужум қилганлар ва натижада бу “жиддий жисмоний можаронининг келиб чиқишига олиб келган”. Хитой ТИВ вакили хитойликлар томонидан қурбонлар мавжудлигини тасдиқламади, бироқ Ҳиндистон ҳарбийларининг ҳалок бўлгани ҳақида уни хабардор қилишмаганини билдирди.

Хитой ва Ҳиндистон ҳудудлари ўртасидаги назорат линияси яхши демаркация қилинмаган, шунга қарамай, 1962 йилда икки ой давом этган Хитой-Ҳиндистон чегара уруши бўлиб ўтган замонлардан бери икки мамлакат ўртасидаги чегарада бирор-бир жиддий можаролар келиб чиқмаган эди. Хитой томонидан Тибет йўлини яхшилаш мақсадида Ақсай-Чин орқали ўтадиган йўл қурилганини Ҳиндистон билиб қолгани икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг таранглашуви сабабларидан бири бўлиб қолди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ