Тошкентда Юнусобод метро йўлидаги “Юнусобод” ва “Туркистон” метро стнанциларида қурилиш ишлари тугатилди, дея хабар беради “Ўзбекистон темир йўллари” компаниясининг сайтида.
Узунлиги 2,9 километр бўлган «Туркистон» ва «Юнусобод» метро бекатларида қурилиш-монтаж ва пардозлаш ишлари ниҳоясига етиб, «Шаҳристон» бекатига уланди.
Компаниядагиларнинг таъкидлашича, «Туркистон» бекати ўзига хос кўркам дизайни бўйича Тошкент метрополитенининг ҳеч бир бекатини “такрорламайди”. Бекатнинг ички қисми оппоқ мармар плиталар билан безатилган ва унда икки қатор оқ мармар тошлар билан пардозланган устунлар ўрнатилган.
Бекат деворининг бир томонига Ўзбекистонга қўшни бўлган Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ҳамда Туркманистон давлатларининг диққатга сазовор жойлари, тарихий масканлари, иккинчи томонига эса қадимий Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах, Сирдарё вилоятлари ва Тошкент шаҳарлари ҳамда Фарғона вилоятининг тарихий мақбаралари, муқаддас қадамжоларининг мозаика кўринишидаги суратлари ишланган.
«Юнусобод» бекати дизайни бўйича Тошкент шаҳрининг замонавий ва қадимий кўриниши акс этган тасвирий ойна кўринишидаги суратлар билан ишланган. Бекатнинг икки томони мониторлар, кузатув камералари ва конденционерлар билан жиҳозланган.
Ушбу лойиҳа устида »Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг «Кўприкқурилиш трести» унитар корхонаси тизимидаги 67-Кўприкқурилиш отряди мутахассислари томонидан бажарилди. «Тошкент метро лойиҳа» масъулияти чекланган жамияти лойиҳалари асосида барпо этилган объектнинг умумий қиймати 103,8 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Юнусобод тумани Тошкент шаҳри аҳоли жойлашуви бўйича энг зич ҳудудларидан бири ҳисобланади.Шу боис туманда 2001 йилнинг август ойида 7,6 километрлик олтита бекатдан иборат “Юнусобод” ер ости метро йўлининг биринчи босқичи ишга туширилган эди. Қурувчилар Юнусобод метро йўлини узайтириш бўйича ишлар билан 2017-2019 йилларда шуғуллана бошладилар.
Жорий йилнинг февраль ойида метро халқа йўлининг “Дўстлик-Қўйлиқ” йўналишидаги участкада олтита ерусти бекатларининг қурилиши тугалланган. Метро тармоғи келгусида Тошкент шаҳрини Тошкент вилоятининг маркази бўлган Нурафшон шаҳри билан боғлаши режалаштирилмоқда.