15 июндан Россия бозорларида UzAuto Motors корхонаси Chevrolet бренди остида ўз машиналарини сота бошлади. Компания матбуот хизматининг хабар беришича, Россияга – Spark, Nexia ва Cobalt сегментларидаги автомобиллар етказиб берилмоқда.
Двигателининг хажми 1,25 литр, автоматик коробкага эга Spark машинасининг нархи 720 минг рублдан бошланади. 1,5 литр (105 от кучи) двигателига эга Chevrolet Nexiaнинг тўрт комплеткацияда тақдим этилган, нарх 699 900 рублдан бошланади. Cobaltнинг нархи – 750 минг рублдан. Авваллари мазкур машиналар Ravon бренди остида Россияда сотилган.
Савдо бошланиши билан бир вақтда «Келес Рус» МЧЖ ҳамкорлар билан биргаликда Chevrolet моделларини имтиёзли шартларда сотиб олишни таъминлайдиган бир қатор молиявий дастурларни ва трейд-ин (мижознинг автомобилини янгисига алмаштириш) йўлга қўяди.
Chevrolet Россиядан ташқари Қозоғистон ва Беларусга ҳам сотилмоқда.
«Автостат» агентлигининг экспертлари Ўзбекистоннинг ушбу машиналари Россия бозорида ўз истиқболига эга эканига урғу берадилар. Жумладан, «АвтоСпецЦентр» лойиҳаси раҳбари Константин Авакяннинг фикрига кўра, UzAuto Motors маҳсулотларининг катта ютуғи шундаки, икки мамлакат ўртасида келишилган шартномага асосан ушбу компания автомобиллари Россия бозорига пошлиналарсиз кириб келади. Февралда UzAuto Motors йил ўртасига келиб Ravon маркаси остида хорижда автомобилларни сотишни тўхтатишини маълум қилганди.
Ўзбекистон 2018 йилнинг биринчи яримидан Россияга машиналарни экспорт қилишни тўхтатган эди. «Ўзавтосаноат» раҳбари Шавкат Умурзоқовнинг таъкидлашича, маҳсулотлар зарар келтираётгани учун ҳам сотилмай қолган. Чунки Россияда утилизация йиғими 1400 долларга етиб борган. Ўтган йил август ойида Ravon Россия бозорига яна қайтди. Компания декабрда ўз маҳсулотлари нархларини пасайтирди.