Коронавирус эпидемияси даврида Ўзбекистон мобил алоқаси соҳасида жиноятчиларнинг бошқа абонентлар ҳисобидан пул ечиб олиш фирибгарлиги ҳолатлари қайд этилган. Бу ҳақда Ўзбекистон ахборот ва телекоммуникация соҳаси назорати давлат инспекциясининг матбуот хизмати (Ўзкомназорат) хабар беради.
Абонентларни алдаш Wangiri схемасида юз беради, яъни — одам номаълум телефон рақамидан қўнғироқ олади ва жавоб беришга улгурмайди. У ўша номаълум рақамга қайтариб қўнғироқ қилганда, қўнғироқ қилган шахс ҳисобидан катта пул ечиб олинади.
«Бундан нохуш ҳолатларга дуч келмаслик учун «Ўзкомназорат» абонентлардан номаълум хориж рақамларига қайтариб қўнғироқ қилмасликни, шунингдек, ижтимоий тармоқларда пластик карта рақамлари, паспорт маълумотлари ва бошқа шахсий маълумотларни тарқатмасликни сўрайди», — дейилади ташкилот хабарида.
Инспекция огоҳлантириб ўтган схеманинг номи япон тилидан келиб чиққан («биттадан сўнг кесиб олиш», яъни битта қўнғироқ садосидан сўнг тугмани босиш маъносини англатади) бўлиб, фирибгарликнинг бундай усули 2002 йили Японияда пайдо бўлган. Ўшанда маҳаллий компаниялар жавобсиз қўнғироқлар қилгани ва телефон тармоқларини ишдан чиқариш таҳдидини солгани учун алоқа операторлари сервизидан узиб қўйилган. Кейинчалик Японияда ушбу турдаги фирибгарлик учун махсус жазо тури қабул қилинган.
2019 йили Ўзбекистонда wangiri қўнғироқлари тўғрисида маълумотлар пайдо бўлди. Жумладан, бундай қўнғироқларни Beeline компанияси операторлари олишган. Оператор жабрланган абонентларга фирибгар клиентлардан пулларини қайтариб беришни ваъда қилган.