ЕТТБ Ўзбекистондаги 2 миллиард долларгача бўлган лойиҳаларни қўллашни режалаштирмоқда

Мирзиёев видеоконференцалоқа форматида Сума Чакрабарти билан суҳбатлашмоқда. Президент матбуот хизмати фотосурати

Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) томонидан Ўзбекистонда қўлланаётган лойиҳалар портфелининг қиймати 1,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этади. Бундан ташқари, умумий қиймати 1 миллиард доллар бўлган янги лойиҳа таклифларини кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда 11 июнь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ЕТТБ раҳбари Сума Чакрабарти билан видеоалоқа давомида билдирилди, дея хабар беради президент сайти.

Ушбу сумма барча устувор йўналишларни қамраб олган. Ажратилаётган маблағларнинг учдан бир қисми хусусий сектор ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга, шу жумладан республикада коронавирус пандемиясининг салбий оқибатларини камайтиришга йўналтирилмоқда.

ЕТТБ Тошкентдаги ваколатхонасини кенгайтирди, Андижон шаҳрида офисини очди. Келгуси йилда Урганч шаҳридаги офис ўз ишини бошлаши кутилмоқда. Банк экспертлари Ўзбекистонда давлат-хусусий шериклиги, капитал бозорини ривожлантириш, банк тизимини ислоҳ қилиш ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари бўйича қонун ҳужжатлари ва стратегик ташаббусларни ишлаб чиқишда ҳам фаол иштирок этдилар.

Мирзиёев ва Чакарабарти Европа банкининг давлат корхоналарини трансформация қилиш ва банкларни хусусийлаштиришдаги иштирокига, энергетика ва нефть-газ тармоқларини ислоҳ қилиш, ажратилган кредитларни самарали ўзлаштириш, бизнесни, шу жумладан тўқимачилик тармоғидаги лойиҳаларни молиялаштиришни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилиб олдилар.

Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга йўналтирилган устувор дастурлар ва лойиҳаларни илгари суришда ЕТТБ асосий шерикларидан бири бўлиб қолган ва шу жумладан, пастуглеродли энергетика бўйича миллий стратегияни ишлаб чиқаришда ёрдам кўрсатган.

ЕТТБ 2019 йилда Ўзбекистондаги лойиҳаларга 576 миллион АҚШ доллари (517 миллион евро) ажратиб, бу мамлакатга инвестициялар бўйича рекорд ўрнатди.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки 1991 йилда, “совуқ уруш” тугаганидан кейин Марказий ва Шарқий Европада янги даврни барпо этиш учун тузилган. Банк миссияси – очиқ бозор иқтисодиётига ўтишга кўмак берувчи лойиҳаларга ҳамда хусусий ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга инвестициялар киритишдан иборат.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ