Молия вазирлиги ҳузуридаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси алкоголь маҳсулотларини улгуржи савдоси билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи биринчи лицензиясини берди. Бу ҳақда Молия вазирлигининг сайти маълум қилмоқда.
Лицензия Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманидаги “Ellikqal’a savdo” масъулияти чекланган жамиятига топширилган. Лицензияни расмийлаштиришга икки ҳафтадан кам вақт кетди.
Масъулияти чекланган жамият 28 май куни лицензия олиш учун ҳужжатларни топширган, инспекция талабгорнинг иштирокисиз тезда туман фавқулодда вазиятлар бўлими, туман санитария-эпидемиологик осойишталик марказидан ва Молия вазирлиги Ғазначилигидан сўраш йўли билан керакли маълумотларни олди ва 3 июнь санасида лицензия тайёр бўлди.
Лицензия олиш учун ариза, алкоголь маҳсулотларини сақлаш, қабул қилиш ва тақсимлаш учун бино мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат ҳамда устав фонди шакллантирилгани тўғрисидаги ҳужжатни топшириш лозим бўлади.
Ўзбекистон ҳукумати қарорига мувофиқ, алкоголь маҳсулоти билан савдоси билан шуғулланишга лицензияни олиш ҳуқуқи устав фонди 1 000 базавий ҳисоб бирлигидан кам бўлмаган юридик шахсларга тақдим этилиши мумкин. Бунинг учун улар алкоголь маҳсулотларини сақлаш, қабул қилиш ва тарқатиш бўйича техник меъёрларга қатъий амал қилишлари ҳамда шунга мос бинога эга бўлишлари зарур.
Қарор президентнинг иккита топшириғи – 2019 йил 5 февраль куни алкоголь маҳсулотлари савдосини такомиллаштириш тўғрисидаги фармони ҳамда Молия вазирлиги ҳузуридаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекциясининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги қарорини ижро этиш учун бош вазир Абдулла Арипов томонидан 20 май куни имзоланган.
Алкоголь ҳамда озиқ-овқат ва техник этил спиртини ишлаб чиқариш ва улугуржи савдоси аввалига давлат монополияси тассаруфида бўлган, бироқ 2019 йил февраль ойида бу қоида бекор қилинган. Улгуржи савдога лицензия президентнинг 2019 йил ноябрь ойида имзоланган “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини тарқатиш ва истеъмол қилишни чеклаш тўғрисида” қарори билан тасдиқланган.
2020 йил март ойида коронавирус пандемиясининг таъсирини юмшатиш мақсадида президент алкоголь маҳсулотларига акцизларни икки баробарига кўтариш тўғрисидаги қарорини бекор қилди.