Мирзиёев картошка ва гуруч етишмовчилигини бартараф этиш бўйича топшириқ берди

Pixabay.com сайти фотосурати

Ўзбекистонда парранда гўшти, шоли, картошка талабга нисбатан кам етиштирилмоқда, шунинг учун ҳам республика президенти Шавкат Мирзиёев ушбу маҳсулотлар тайёрлаш ҳажмини оширишга кўрсатма берди, дея хабар беради унинг матбуот хизмати.

Асосан камбағалликни қисқартириш масалаларига бағишланган йиғилишда хорижий мамлакатларининг тажрибаларини қўллаш мақсадга мувофиқлиги, картошка бўйича Нидерландия, шоли ва балиқчилик бўйича Вьетнам тажрибаларидан фойдаланиш яхши натижа бериши таъкидлаб ўтилди.

Апрель ойида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирлигидаги мутасаддилар республикада картошканинг захираси етарли, 2020 йилда 2,8 миллион тоннага яқин ҳосил олиниши кутилаётгани, мамлакатнинг ички эҳтиёжини қоплаш учун 1,8 миллион тоннаси етарли эканлиги таъкидлаган эдилар.

Картошка етишмовчилигининг сабаби сифатида коронавирус пандемияси ва карантин даврида одамларнинг ваҳимага тушиб, кўп миқдорда сотиб олгани кўрсатилган эди. “Бозорларимизда картошка етишмовчилигининг асосий сабаби шундаки, фуқаролар ҳаддан зиёд хавотирга тушиб, ўзларининг эҳтиёжидан ортиқ бўлган миқдорда бу маҳсулотни сотиб ола бошладилар. Бу эса бозорларимизга ҳар куни олиб келинаётган картошканинг табиий етишмовчилигига олиб келади”, — дея билдирдилар Қишлоқ хўжалиги вазирлигидагилар.

Мирзиёев май ойининг бошида аҳолининг картошкага бўлган талабини қондира оладиган картошка етиштириш бўйича кластерлар ва кооперациялар тузиш тўғрисидаги қарорини имзолаган.

Йиғилишда қишлоқ хўжалигида ҳам камбағалликни қисқартириш бўйича биринчи ярим йилликда 38 минг гектар ерни оборотга киритиш ҳисобига 25 минг нафар, йил якунига қадар яна қўшимча 51 минг гектарни ўзлаштириш эвазига 45 минг одам бандлигини таъминлаш режалаштирилгани қайд этилган эди. Бу ерларнинг 20 минг гектари кам таъминланган оилаларга берилади.

Шунингдек, ғалладан бўшайдиган 120 минг гектар майдонни такрорий экин учун ажратиб, 300 мингга яқин оилага даромад манбаи яратиш белгиланган. Бундан ташқари, пахта-тўқимачилик кластерларининг 965 миллион долларлик 107 лойиҳасини амалга ошириш натижасида 28 мингдан ортиқ янги иш ўрни ташкил этилади. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан кам таъминланган 28 минг хонадонга наслли эчки, 50 мингта оилага парранда, 100 мингтасига наслли қуён тарқатилади.

Йиғилишда қурилиш соҳасида Инқирозга қарши курашиши жамғармасидан ажратилган 3,6 триллион сўм (деярли 355 миллион АҚШ доллари) ҳисобидан бажариладиган қурилиш-пудрат ишларига 85 минг нафар одамни жалб қилиш мумкинлиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, муҳтож оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш масаласи муҳокама қилинди. Мирзиёев камбағал оилаларнинг рўйхатини тузиб, 235 мингдан зиёд оилага 104,7 миллион АҚШ доллари миқдоридаги пулни тарқатишга топшириқ берди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ