Қозоқ-ўзбек чегарасида қолиб кетган тожикистонликлар ватанига етиб олдилар

"Жибек Жолы" ўтказиш пунктидаги тожикистонликлар. Azattyq.org сайти фотосурати

Қозоғистоннинг Туркистон областида чегара ёпиқлиги сабаб туриб қолган 230 дан ортиқ Тожикистон фуқаролари 2 июнь куни ўз юртига етиб келдилар. Бу ҳақда Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хизмати хабар беради.

Республика ташқи ишлар маҳкамаси тожикистонликларнинг ватанига етиб келиши учун шароит яратиб бергани учун ўзбек ва қозоқ ҳукуматига ўз миннатдорчилигини исҳор қилади. Тожикистонга етиб келган одамлар карантинга олинган, аввали улар Хўжандга олиб келинади, деган хабар тарқаганди.

1 июнь куни Қозоғистоннинг «Астана» телеканали қозоқ ва ўзбек чегарасида икки ойдан бери ушланиб қолган тожикистонликлар ҳақида сюжет берганди. Одамлар чегара очилишини кутиб, картон қоғозлар устида ётишган, ювингани шароити йўқ, озиқ-овқатлари тугаган эди. Маҳаллий волонтёрлар тожикистонликларга ҳар томонлама ёрдам кўрсата бошлаганлар.

Сюжетда, шунингдек, Россиядан темир тобутда майит келтирилгани, чегарадан ўтиш иложи бўлмагани сабаб, майит офтобда сасий бошлагани ва ниҳоят одамлар уни Жетисайдаги қабристонга кўмишгани тўғрисида айтилган. Кўрсатув эфир юзини кўрганидан сўнг Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги чегаралар очилгани ҳақидаги ёлғон хабарларга ишониб одамлар бу ерга 17 майдан оқиб кела бошлаганини таъкидлади.

Барча мамлакатларда карантин бошланганидан сўнг чегараларда уйга қайтиш истагида мигрантлар тўплана бошлаган. Тожикистон ТИВ 19 май куни чегарада ушланиб қолган одамларни уйларига етказиш режасини маълум қилди. Шундан сўнг бугунга қадар БАА, Туркия, Ҳиндистон ва Россиядан икки мингта тожикистонлик ўз ватанига олиб келинган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди