Қирғизистонлик қўшнилар билан тўқнашувдан жабрланган туман аҳолиси Ариповдан Фарғона вилояти ҳокимини алмаштиришни сўрадилар

Арипов Фарғона вилояти Сўх туманида мутасаддилар билан учрашувда. Туман ҳокимлиги матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида содир бўлган жанжалдан жабрланган Фарғона вилоятининг Сўх тумани аҳолиси Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповдан вилоят ҳокимини ишдан бўшатишни илтимос қилдилар, дея хабар беради Газета.Uz.

Арипов 1 июнь куни республика президентининг топшириғига биноан Сўх туманига келди, туман касалхонасига борди, Қирғизистон ҳукумати раиси вазифасини бажарувчи Қубатбек Боронов билан учрашув ўтказди. Учрашувда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизматининг раиси Абдусалом Азизов ва Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев иштирок этдилар.

Шундан сўнг давлат мулозимлари ”Чечме-Автодорожний” назорат-ўтказиш масканига бордилар ҳамда СЎх тумани аҳолиси билан учрашдилар. Эксклав аҳолиси ўзларини қийнаётган муаммолар – яйловдан фойдаланиш, сув етишмовчилики, Қирғизистон чегарасини кесиб ўтмаслик имкониятини берувчи Сўх туманидан Яйпанга (Фарғона вилояти Ўзбекистон туманининг маъмурий маркази) коридор очиб бериш зарурати ҳақида гапира бошладилар.

Namanganliklar Telegram-канали чоп этган видео тасвирлардан бирида Аримов ҳоким Ғаниевни чақирган пайтда тўпланган одамлар қўлларини силкитиб, “Кет!”, “Ғаниев кетсин!” дея бақира бошладилар. Шундан сўнг тўпланган одамлардан бири бош вазирга туман муаммоларини санаб бера туриб, “Халқда ҳозирги ҳокимиятга ишонч қолмаган. Уларнинг ҳаммасини янгилашингизни илтимос қиламиз”, деб билдирди.

Шунда Арипов президент Мирзиёев уни бу ерга юбора туриб: “Халқ билан учрашгин, уларни нималар безовта қилаётганини билиб келгин, биз ўтириб, муаммоларни қандай ҳал қилишни муҳокама қилиб оламиз”, деб айтганини маълум қилди. Бош вазир бу ерда айтилган таклифларни президентга албатта айтиб беришга ваъда қилди ҳамда Мирзиёевнинг ўзи шу ҳафтанинг ичида Фарғона вилоятига келишини маълум қилди. Ҳозирча эса у (яъни президент) содир бўлган ҳодисани Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков билан муҳокама қилиб олди.

Бош вазир қайд этишича, Ўзбекистон жанжал чиқишига сабаб бўлган Чашма булоғининг атрофини панжара билан ўраб, унинг ҳудудида истироҳат боғини яратишни ва икки томон аҳолисида бу ердан тенг ҳуқуқли асосда фойдаланишни таклиф қилган.

Қирғизистоннинг Чечме ва Ўзбекистоннинг Чашма қишлоқлари аҳолиси ўртасида жанжал 31 май куни, булоқ ҳудудини биргаликда тозалаш пайтида чиққан ва ўшанда икки томон аҳолиси бир-бирига қарата тош отишган. Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги жанжал оқибатида 15 нафар қирғизистонлик ва 25 нафар ўзбекистонлик фуқароларнинг жабрлангани ҳақида маълум қилган; тожиктилли журналист Мирасрор Фарғоний Сўх тумани аҳолисидан 146 кишининг жабрлангани ҳақида ёзган эди.

Сўх тумани ҳокимлиги маълумотига кўра, 187 нафар жабрланганлар туман марказий касалхонасига ётқизилган, 15 нафар оғир аҳволдаги беморлар санитария авиацияси кучлари билан Фарғона вилояти марказий касалхонасига етказилган. Можаро давомида Ўзбекистон ҳудудидаги учта уйга ўт қўйилган. Арипов уларни тез кунлар ичида қайта тиклаб беришга ваъда қилган.

Шуҳрат Ғаниев Фарғона вилоятини 2011 йилдан бери бошқариб келади, шу давр мобайнида у кўп маротаба ўзининг агрессив хулқи ва қовун тушириб қўйишлари билан оммавий ахборот воситаларининг эътибор марказига тушиб қолади. Мирзиёев 2019 йилнинг августида Ғаниевни уйларни ноқонуний бузиш ҳолатлари учун “хоин” деб атаган, олдинроқ эса ислоҳотлар ўтказишга лаёқати етмайдиган колхоз раисига ўхшатган. Шунга қарамай, 2020 йил январида уни яна қайтадан ҳоким лавозимига тайинлаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Таъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?

  • Ўзбекистондаги сиёсий партиялар парламент сайловларида илгари сураётган дастурларини тақдим этди