Ўзбекистонда маҳаллий сармоядорларга имтиёзлар чет эллик инвесторлар билан тенг миқдорда тақдим этилади

Pixabay.com сайти фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бугунгача фақат хорижлик инвесторлар учун кўзда тутилган имтиёзларни энди маҳаллий хусусий сармоядорлар учун ҳам жорий қилишга қарор қилди. Бу ҳақда президент сайти хабар беришича, 26 май куни инвестицияларга бағишланган йиғилишда эълон қилинган.

Мисол учун, хусусий инвестор ўз ҳисобидан 25 миллион АҚШ долларидан ортиқ қийматдаги лойиҳа бошласа, ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари бюджет ҳисобидан қуриб берилади.

Чет эллик инвесторларга тақдим этиладиган преференциялар қаторига, шунингдек, солиққа тортиладиган фойдани камайтириш, қўшилган қиймат солиғи, юридик шахслар мол-мулкига тўланадиган солиқ ва божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёзлар ҳам киритилган.

Йиғилишда, шунингдек, аҳоли даромадини оширишга хизмат қиладиган кичик лойиҳаларга инвестицияларни кўпайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Мисол учун, Андижонда мева-сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик йўналишидаги 7 та кластер билан 9 мингдан зиёд аҳоли ўртасида касаначилик усулида кооперацияни йўлга қўйиш бўйича 40 миллион долларлик лойиҳалар ишлаб чиқилган. Президент ушбу тажриба асосида бошқа аҳоли зич ҳудудларда ҳам шундай тизим қилиш бўйича топшириқлар берди.

Саноати ривожланмаган Томди туманида 320 миллиард сўмлик ($31,5 млн) 70 та ҳамда Пахтачи туманида 660 миллиард сўмлик ($65 млн) 83 та инвестиция лойиҳалари шакллантирилган. Уларни амалга ошириш учун Пахтачининг Навоий шаҳри билан, Томдининг Зарафшон шаҳри билан чегарадош ҳудудида саноат зоналари ташкил этилиши мўлжалланган.

Шунингдек, чет элда яшаётган ватандошларимизни мамлакатимизга инвестиция киритишга рағбатлантириш ва улар билан доимий ишлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Мирзиёев халқаро молия институтлари кредитлари ҳисобига амалга ошириладиган 98 та лойиҳа бўйича маблағларни ўзлаштириш даражасини танқид қилди ҳамда лойиҳаларни жадаллаштириш бўйича топшириқлар берди.

Инвестиция дастури доирасида 2020 йилда 206 та йирик лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган. Улардан 39 тасида муддатдан кечикиш хавфи бор. Бу лойиҳаларнинг асосий қисми энергетика, тўқимачилик, электр техникаси, транспорт тармоқлари ҳамда Навоий, Наманган, Сирдарё ва Фарғона вилоятларига тўғри келади.

Президент фойдаланишга топширилган йирик ва ўрта ишлаб чиқариш қувватларини мониторинг қилиш бўйича доимий комиссия ташкил этиш бўйича топшириқ берди. Бу комиссия корхоналар ишга тушгандан сўнг уларнинг етарли хомашё ва инфратузилма билан таъминланиши, тўлиқ қувватда ишлашига масъул бўлади.

2020 йилга режалаштирилган инвестициявий дастурга 3 мингта лойиҳа киритилган бўлиб, уларни амалга оширилиши 235 триллион сўм, шу жумладан, 7 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги сармояларни ўзлаштиришни кўзда тутади. Ўзбекистонда 2020-2022 йилларда жами 850 триллион сўмлик (90 миллиард АҚШ доллари), шу жумладан, 35 миллиард АҚШ долларига тенг хорижий инвестицияларни ўзлаштириш режалаштирилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ