Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев COVID-19 пандемияси даврининг турли синовли кунларида мардлик ва жасорат намунасини кўрсатган одамлар учун “Меҳр-саховат” кўкрак нишонини таъсис этди. Фармон матни 27 май куни ЎзА сайтида чоп этилган.
«Меҳр-саховат» кўкрак нишони 0,25 микрон қалинликда олтин қопланган мис қотишмасидан тайёрланади ва диаметри 34 миллиметрли доира шаклида бўлади. Кўкрак нишонининг марказида кўтарилаётган қуёш нурлари фонида ғамхўрлик билан қучиб турилган инсонларнинг рамзий тасвири акс эттирилган. Кўкрак нишонининг айланаси бўйлаб, юқори қисмида оқ эмаль фонида «MEHR-SAXOVAT» ёзуви ва қуйи қисмида иккита дафна новдаси жойлашган. Кўкрак нишонининг орқа томонида Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвирланган.
Фармонда айтилишича, ушбу кўкрак нишони билан “турли табиий офатлар, фавқулодда ҳолатларнинг оқибатларини бартараф этишда мардлик ва жасорат намунасини кўрсатгани” ҳамда “меҳр-оқибат, саховат ва ҳиммат каби юксак фазилатларни намоён этган одамлар” тақдирланади. Бу каби талқин билан бадавлат ҳомийларни ҳамда Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши туфайли юзага келган сув тошқини оқибатларини бартараф этган қутқарувчиларни ҳам мазкур кўкрак нишони билан тақдирлаш мумкин бўлади.
Ҳужжат матнида кўкрак нишонига “аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни умумхалқ ҳаракати даражасига кўтаришга катта ҳисса қўшгани” ҳамда “хайрия ва саховат маблағларини қийин аҳволга тушган аҳолига ўз вақтида беминнат кўмак бергани”, шунингдек, “жамиятда тинчлик-осойишталик, бирлик ва ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашда фаол иштирок этган” одамлар сазавор бўлишлари мумкинлиги айтилмоқда.
Ушбу кўкрак нишони билан нафақат ўзбекистонликлар, балки бошқа мамлакатлар фуқаролари ҳам тақдирланишлари мумкин. “Меҳр-саховат” кўкрак нишони президентдан бошлаб вилоят ҳокимигача бўлган турли даражадаги мулозимлар томонидан тантанали вазиятда топширилади. “Меҳр-саховат” кўкрак нишони кўкракнинг чап томонига давлат мукофотларидан кейин тақилади.
Пандемия даврида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига ёрдам бериш билан Мирзиёевнинг ташаббуси билан тузилган “Саҳоват ва кўмак” жамғармаси шуғулланмоқда. Президент тадбиркорларни аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига ёрдам беришга чақириб, бунинг эвазига уларга кўрсатилган ёрдам миқдорига мос равишда солиқлар, кредитлар ва зарур ресурслар билан таъминлаш бўйича турли имтиёз ва префиренциялар тақдим этишни ваъда қилганди.
Жамғарма маблағлари коронавирус пандемияси ва карантин даврида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўп фарзандли оилаларга, ногиронлиги бўлган шахсларга ва ёлғиз қарияларга, ўз даромадини йўқотган вақтинча ишсиз бўлган жисмоний шахсларга пул маблағлари, кундалик истеъмол товарлари, дори воситалари ва бошқа маҳсулотлар билан таъминлаш учун ишлатилади. Шу билан бирга, оммавий ахборот воситалари бир неча бор жамғарма давлат ва жамоат ташкилотлари ходимларининг ойлик иш ҳақидан ушлаб қолиш ҳисобига тўлдирилаётгани ҳақида хабар беришган.
Ўзбекистонда айни фурсатда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 3333 нафарни ташкил этмоқда. Янги беморларнинг 31 нафари — Навоий вилоятидан, 6 нафари — Тошкент вилоятидан, 4 нафари — Тошкент шаҳридан ҳамда 2 нафари — Наманган вилоятидан. Уларнинг барчаси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлгани учун гумонланиб, карантинга олинган фуқаролар орасида аниқланган.
Коронавирус инфекциясидан ўлганлар сони 14 та бўлди. Cўнгги бемор – 63 ёшли эркак 3 йилдан буён I-гуруҳ ногирони бўлиб, сурункали буйрак етишмовчилиги ва анемия оғир даражаси ташхиси билан диспансер назоратида турган. 2017 йилдан буён доимий гемодиализ муолажасини олиб келган. 2020 йил 19 май куни уни Самарқанд кўп профилли тиббиёт марказига ётқизишган. 25 май куни беморнинг аҳволи ёмонлашган, бурундан ва ички қон кетиш белгилари пайдо бўлган ва реанимация бўлимига олинган. Кўрсатилган реанимация муолажаларга қарамасдан, сунъий нафас олиш аппаратида бўлган бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.