Рус-қозоқ чегарасида йиғилиб қолган ўзбекистонликлар автобусда ватанга олиб келинади. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Татаристондаги консули Фариддин Насриев сўзларига таяниб Kun.uz хабар беради.
Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси Россия ва Қозоғистон ҳукуматлари билан олиб борган уч томонлама музокаралардан сўнг шундай қарорга келинган. Улар ўзбекистонликларни автобуслар билан Қозоғистон чегарасига етказиб келиш, кейин бошқа автобусларда Ўзбекистонга элтишга келишиб олдилар. Самарага автомобилларда етиб келган Ўзбекистон фуқаролари ўзларининг авто уловларини махсус жойда қолдиришлари мумкин. Автобуслар колоннаси қачон йўлга тушиши хабарда айтилмаган.
Фариддин Насриев фуқароларни Россия ва Қозоғистон ҳукуматлари билан мавжуд қоидаларга мустасно равишда ўзбекистонликларнинг ўз юртига етиб олишлари учун бир марталик келишувга эришганликдан огоҳлантиради.
У юртдошлардан автомобилларда ватанга қайтишга бошқа уринмасликни сўрайди: «Биз юртдошларимиздан доимий ёки вақтинча регистрациядан ўтган жойларида қолишларини сўраймиз. Ўзбекистонга навбатга ёзилиб, самолёт чартер рейсларида қайтиш мумкин. Коронавирус пандемияси тугагандан сўнг хоҳлаган одам тинчгина ўз уйига қайтади».
Сўнгги ҳафтада Самара ва Оренбург области чегарасидаги «Маштаково» ўтказиш назорат пункти олдида 600-800 нафарга яқин Ўзбекистон фуқаролари йиғилиб қолган. Улар Қозоғистон орқали вақтинча коридор очилишидан умид қилиб бу ерга тўпланишган.
«Одамларимиз орасида кекса ёшдаги, ёш болали ва ҳомиладор аёлларнинг борлигини ҳисобга олиб Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консуллиги иссиқуларни овқат билан таъминлади», — дейди Насриев. У Самара ҳукуматига ватандошлар учун махсус лагерь-обсерватор қуриб берганига миннатдорчилик билдирди. Лагерь 51 та палаткадан иборат бўлиб, улардан еттитаси маъмурий, қолганлари саккиз кишилик ётоқхоналардан иборат. Ўзбекистонликлар учун тиббий назорат, озиқ-овқат маҳсулотлари ёрдами, индивидуал ҳимоя воситалари таъминоти уюштирилган.