Самара областида ватанга кетиш илинжида йиғилган ўзбекистонликлар учун махсус лагерь қурилди

Tvsamara.ru сайти фотосурати

Самара областининг Большая Черниговка районида уйга кетиш учун йиғилган ўзбекистонликлар учун махсус лагерь қурилди, деб хабар беради ТАСС маҳаллий ҳукумат маълумотига таянган ҳолда.

«Одамларнинг ўзини яккалатиш тартибида бўлиши ва коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида бу ерда махсус лагерь қуришга мажбур бўлдик», — дейилади хабарда.

Tvsamara.ruга кўра, 14 май куни Большая Черниговка райони марказида 606 нафар ўзбекистонлик йиғилган, улардан 49 таси аёл киши ва 9 таси ёш бола бўлган. Улар бу ерга Россиянинг турли ўлкаларидан (91 та енгил машина, 7 та миниавтобус ва 2 та автобус) транспорт воситаларида келишган. Ушбу материал самараликлар сайтида эълон қилинган пайтда Оренбург области чегарасида Ички ишлар органи вакиллари ўз автомобилларида келаётган 473 нафар ўзбекистонликни тўхтатишган. Район марказида 134 та одам қолган.

Район маъмуриятининг хабарига кўра, лагерь аҳоли пунктига кираверишдаги кафенинг парковка жойида ташкил этилган. Ўзбекистонликлар учун тиббий назорат уюштирилган, улар озиқ-овқат, сув ва хусусий ҳимоя воситалари билан таъминланганлар.

Қозон шаҳридаги Ўзбекистон Бош консуллиги бундан олдин Самара ва Оренбург вилояти чегарасининг «Маштаково» назорат пункти яқинида бир неча юз ўзбекистонликлар йиғилиб қолганини маълум қилганди. Улар Россиянинг турли ўлкаларидан Қозоғистон чегараси очилишига доир нотўғри хабарга ишониб келишган. Ўзбекистонликлар Қозоғистон орқали уйларига етиб олишлари учун вақтинча коридор очилишини сўрамоқдалар. Маҳаллий ОАВ айрим мигрантларнинг ўн кундан бери шу районда туришганини ёзади. Улар президент Шавкат Мирзиёевдан ёрдам сўраб видеомурожаат қилишган.

Ушбу вазият юзасидан Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси Россия ва Қозоғистон ҳукумати билан музокаралар олиб бормоқда. «Юртдошларимизнинг автобусда Оренбург вилояти чегарасидан ўтиб, Қозоғистон орқали ватанга бормоқчи бўлганларидан хабаримиз бор ва уларга бундай йўл тутмасликни айтганмиз. Лекин одамлар гапимизга қулоқ солишмади, оқибатда чегарада мана шундай вазият юзага келди, — дея дипломатлар, Бош консул ТАССга изоҳ берган. — Воқеа жойига элчихона ходимлари ва Бош консул етиб борган. Улар Қозоғистон ва Россия ҳукумати билан мазкур муаммони ҳал қилишга уринмоқдалар».

Еттинчи май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев видеоселектор мажлисида Россия, Туркия, БАА ва бошқа мамлакатлардан 11 мингта Ўзбекистон фуқаросини қайтариш режаси борасида гапирганди. Биргина РФ даги Ўзбекистон элчихонасининг онлайн-рўйхатида ватанга қайтмоқчи бўлганларнинг сони 65 минг кишига етди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ