Ўзбекистонга Гулнора Каримованинг Франциядаги $10 млн миқдордаги активлари қайтарилди. Адлия вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, маблағлар репатриацияси Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура ва бошқа мутасадди органлар саъй ҳаракатлари туфайли амалга ошган.
Мазкур маблағлар Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетига ўтказиб берилган ва «улар умумий тартибда ишлатилади», дейилади расмий хабарда. Шунингдек, хабарда Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура томонидан Ўзбекистоннинг ваколатли идоралари иштирокида Гулнора Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган 1,3 млрд. АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги мулкларни қайтариш бўйича Швейцария, АҚШ, Франция, Россия Федерацияси ва бошқа давлатларнинг ваколатли органлари билан ҳамкорликда иш олиб борилаётганлиги айтилади.
Адлия вазирлигининг аниқлик киритишича, Каримова ва унинг оила аъзоларига тегишли хориждаги активлар ҳибсга олинган, шунинг учун Ўзбекистон биринчи президентининг қизи ёки унинг яқинлари мустақил равишда пул ва мулкларни қўлга киритолмайдилар.
Ўтган йил ёзда Каримованинг Швейцария банкларидаги пулларини қайтариш масаласи қизғин муҳокама қилинганди. Гулнора Каримова номидан унинг «адвокатлари дастлаб $131 млн, кейинчалик $555 млн суммани ҳимоя қилишга доир ҳужжатларни қайтариб олганлари» тўғрисида хабарлар тарқади. Швейцария Бош прокуратураси Ўзбекистонга 130 млн швейцария франкини ($133 млн) қайтаришга қарор қилди. Лекин Каримованинг адвокати Грегуар Манжа «$555 млн қайтариш иши тезда тўхтатилгани»ни маълум қилиб, унинг мижози ноқонуний ҳибсдан озод бўлмаганча Ўзбекистон билан ҳамкорлик тиккаланмаслигини таъкидлаганди.
Жорий йилнинг февраль ойида Гулнора Каримова ўзига нисбатан жиноий ишларнинг тўхтатилиши бадалига Швейцарияда музлатилган $686 млн маблағни Ўзбекистонга қайтаришга тайёр экани тўғрисида хабар тарқалди. Лекин бу келишув амалга ошмади.
Гулнора Каримова жиноятларига оид тергов ишлари 2012 йил Европа давлатларида бошланган эди. Кейинчалик бу аёлга нисбатан Ўзбекистонда ўғирлик ва солиқдан бўйин товлаш билан боғлиқ иккита жиноят иши қўзғатилади. Гулнора Каримованинг давлат ва одамларга келтирган зарари 1 трлн 270 млрд 200 млн сўм, 1 млрд 651,8 млн АҚШ доллари, 26,1 млн евро миқдорида баҳоланган.
2015 йили Каримова беш йил эркинликни чеклаш, 2017 йили 10 йиллик қамоқ жазосини олади. 2018 йили суд иккинчи жиноий иш бўйича жазони беш йил эркинликни чеклаш қарорига алмаштиради. 2019 йил бошида Гулнора Каримова «жазони ўташ тартиб ва қоидаларини қўпол бузганлиги учун» Зангиота аёллар колониясига жўнатилади. 2020 йил март ойида Каримовага учинчи жиноий иш юзасидан 13 йилу 4 ой озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланади.