Навоий эркин иқтисодий зонасидаги (ЭИЗ) Navoi Motors корхонаси $12 млн қийматга эга завод мажмуасини барпо этмоқда. Бу ерда хитойликларнинг Oshan бренди остида турли хил автомобиллар ишлаб чиқарилади, деб хабар беради ЎзА.
Корхона ЎзА айтиб ўтганидек Эрон эмас, Австриядан келган бизнесменлар томонидан ташкил этилган. «Навоий» ЭИЗ директори Ҳабиб Аблуллаевнинг «Фарғона»га маълум қилишича, корхонани этник эронликлар бошқаргани учун ҳам шундай тушунмовчилик келиб чиққан.
Navoi Motors бош технологи Афшин Шакери таъкидлашича, завод йилига 30 минг дона машина ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. Бу ерда 200 та ишчи ўрни яратилади, маҳсулот ички бозорга етказиб берилади.
Мажмуа қурилиши карантин талабларига қаттиқ риоя қилинган ҳолда туну-кун давом этмоқда. Корхона раҳбариятининг билдиришича, объект йил сўнггига бориб ишга туширилади. Ҳукумат Navoi Motorsга солиқ ва божхона тўловида имтиёзлар тақдим этган.
Ўтган йил ноябрь ойида «СамАвто» заводида илк бор ишлаб чиқилган, дизель ёнилғисида юрувчи ISUZU D-Max пикап машинаси намойиш қилинганди ва 2020 йил январь ойидан машиналар сотувга чиқарилиши айтилганди. Машинанинг нархи 270 дан 380 млн сўмгача ($28-40 минг) бўлади. Биринчи босқичда йилига 500 дона пикап ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Шу йилнинг март ойида «Жиззах» эркин иқтисодий зонасида Volkswagen бренди остида енгил машиналар ишлаб чиқарилиши маълум қилинди. Корхона йилига 20 минг дона маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади.