Ўзбекистонда электрон пулларнинг эгаси бўлган жисмоний шахс томонидан амалга ошириладиган битта операциянинг энг кўп суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараварига тенг бўлган суммадан (22,3 миллион сўм ёки 2,2 минг АҚШ доллари) ошмаслиги лозим. Бундай чеклов республика Марказий банки томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида электрон пулларни чиқарилиши ва муомалада бўлиши қоидалари”да белгиланган.
Ушбу чеклов идентификация қилинган электрон пулларнинг эгаларига таллуқли. Идентификация қилинмаган электрон пулларнинг эгаси бўлган жисмоний шахс томонидан амалга ошириладиган битта операциянинг энг кўп суммаси базавий ҳисоблаш миқдорига тенг бўлган суммадан ошмаслиги керак (223 минг сўм ёки 22 АҚШ доллари). Шу билан бирга, идентификация қилинмаган электрон пулларнинг эгаси бўлган жисмоний шахснинг битта электрон ҳамёнида сақланадиган электрон пулларнинг энг кўп суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараварига тенг бўлган суммадан (1,1 миллион сўм ёки 110 АҚШ доллари) ошмаслиги керак. Индентификация қилинган электрон ҳамёнда сақланадиган электрон пулларнинг энг кўп суммасига чекловлар қўйилмаган. Якка тадбиркорлар ёки юридик шахслар очиши мумкин бўлган махсус электрон ҳамёнларда сақланадиган пул миқдорига ҳамда операциялар ўтказишга чекловлар белгиланмаган, бироқ қоидаларда аниқлик киритилишича, мазкур ҳамёнларга электрон пуллар фақат реализация қилинган товарлар, ишлар ва хизматлар учун кейинчалик банк ҳисоб варақларига уларнинг номинал қийматига тенг бўлган пул маблағлари суммасини ўтказиш мақсадида қабул қилинади.
МБ қоидаларига кўра, электрон пуллар тизимининг ишлашини таъминлайдиган банк ва (ёки) тегишли лицензияга эга бўлган тўлов ташкилоти оператор ҳисобланади. Оператор электрон пуллар тизимида транзакцияларни электрон пуллар тизими қоидаларига мувофиқ амалга оширилишини таъминлайди. Электрон пулларнинг чиқарилиши эмитент томонидан жисмоний шахс ёки электрон пуллар тизимининг агентидан қабул қилинган пул маблағлари доирасида, электрон пуллар тизими қоидалари ҳамда электрон пулларни чиқариш, улардан фойдаланиш ва уларни қоплаш тўғрисидаги шартномага мувофиқ амалга оширилади. Ҳужжатда таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эмитент томонидан чиқариладиган электрон пуллар фақат миллий валютада номиналлаштирилган бўлиши шарт.
Эмитент томонидан электрон пулларнинг чиқаришда электрон пулларнинг эгасига электрон пулларни реализация қилинганлиги ва электрон пулларнинг эгаси бу пулларни сотиб олганлигини тасдиқловчи квитанция ёки бошқа тасдиқловчи ҳужжат қоғоз ёки электрон шаклда тақдим этилади. Қоидаларга кўра, электрон пуллар турли тизимлар ўртасидаги ёки бир нечта эмитентлар фаолият юритаётган битта тизим ичидаги операцияларда иштирок этишлари мумкин.
Эмитент банк эгалари томонидан топширилган электрон пулларни қоплаб бериши шарт. Бунда пул эгасининг қўлига нақд пул берилади ёки ҳисоб рақамига пул ўтказилади.
Марказий банк қайд этишича, электрон пуллар кўринишидаги янги тўлов воситаларининг жорий қилиниши жисмоний шахслар, тадбиркорлик субъектларининг харажатларини оптималлаштириш имкониятини беради. Марказий банк тўлов хизматлари бозорини кенгайтириш ҳамда замонавий интернет савдо турларини ишга қўйиш орқали электрон тижоратни ривожлантиришни режалаштирмоқда.
Электрон пуллар – нақд бўлмаган пул маблағлари бўлиб, улардан банк ҳисоб рақамларини очмаган ҳолатда интернет орқали фойдаланиш мумкин. Улар анъанавий тўлов воситаларидан қулайроқ саналади, негаки пул жўнатмаларини тезроқ амалга ошириш мумкин. Бунинг устига, хавфсизлик жиҳатидан ҳам ишончлироқ, негаки пул ўтказишда иштирокчининг шахсий маълумотлари ва пластик картанинг рақамларини кўрсатиш шарт эмас. WebMoney, PayPal, Kiwi, Яндекс.Деньги – энг йирик электрон пул тизимларидан саналади.