Сенаторлар Бош вазирдан ҳокимларнинг ноқонуний ҳаракатларини назорат қилишни талаб қилдилар

Олий Мажлис Сенати мажлиси . Senat.uz сайти фотосурати

Олий Мажлис Сенати ҳокимлар томонидан қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилмасдан қарорлар қабул қилиш ҳолати юзасидан Бош вазир Абдулла Ариповга парламент сўровини юборди. Жумладан, гап ер участкаларининг қонунга зид равишда олиб қўйилиши ёки одамларга берилиш тўғрисида бормоқда, дея хабар қилади Юқори палатанинг матбуот хизмати.

Сўров берилишига фуқароларнинг туман ва шаҳар ҳокимлари устидан қилган кўплаб шикоятлари сабаб бўлган. Туман, шаҳар ҳокимлари ваколатга эга бўлмаса-да, қонунга зид равишда бино-иншоотларни балансга олиш тўғрисида, ер участкасини ажратиш ваколати уларга берилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосланган ҳолда ажратилаётган ер майдонини тўлақонли ўрганилишини таъминламасдан ер ажратиш юзасидан қарорлар қабул қилган.

Шунингдек, қонун ҳужжатларига кўра ер участкалари қонунга зид равишда олиб қўйилганлиги муносабати билан мулкдорларга зарар етказилганлиги учун мансабдор шахсларга нисбатан жавобгарлик масалалари қатъий белгиланмаган, энг муҳими, бунга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари томонидан ўз вақтида муносиб эътибор берилмаган. Мулкдорларнинг мулки мусодара қилиниши ҳақида огоҳлантиришнинг олти ойлик муддатига риоя қилмаслик, мулкчилик объекти учун компенсация маблағларини тўламай ёки қиймати бўйича тенг мол-мулкни тақдим этмай мажбуран чиқариб юбориш одатий ҳолга айланган.

Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси томонидан биргина 2019 йилнинг ўзида ҳокимларнинг 3400 дан ортиқ қарорлари ҳақиқий эмас, деб топилган. Маъмурий судлар томонидан бу борада 2019 йилда жами 2 992 та иш кўрилган бўлиб, уларнинг 1 255 таси (42%) қаноатлантирилган. 2020 йилнинг январь-февраль ойларида эса 552 та иш кўрилган ва уларнинг 248 таси ёки 45 фоизи қаноатлантирилган.

Ўзбекистон Бош прокурори Неъматилла Йўлдошев Сенатда ўтган йил ҳисоботига оид чиқишида бузилган уйлар учун компенсациянинг ўз вақтида тўланмагани, шунингдек дарахтларнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ 2,3 трлн сўм ($227 млн) миқдорида жарима солинганини айтиб ўтди.

Сенатнинг 11 майдаги мажлисида ер участкаларининг ноқонуний олиб қўйилишига нисбатан жавобгарликни кучайтириша доир қонун тасдиқланди. Жиноят кодексининг 173-моддаси қуйидаги бандлар билан тўлдирилди. Унга кўра, базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваридан 250 бараваригача миқдорда жарима ёки уч юздан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш жазоси белгиланади. Агар ер участкасини тортиб олишда қурилган иншоат учун компенсация тўланманмаган тақдирда, мулозимга уч йилгача маълум ҳуқуқдан маҳрум этилиш жазоси қўлланилади. Катта миқдорда зарар келтириш ёки умумхавф келтирувчи ҳаракат учун жавобгар шахс беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум этилади.

Уйларнинг (инфратузилма ва тижорат лойиҳалари баҳонасида) бузилиши ва уларга компенсация тўланмаслиги Ўзбекистондаги энг зиддиятли муаммолардан бири ҳисобланади. Мамлакат раҳбарияти бу борада вазиятни яхшилаш ниятида қатор чораларни қабул қилди (жумладан, президент тўлиқ компенсация тўланганидан кейингина давлат ва жамоат эҳтиёжи учун ерларнинг олинишига доир фармонни имзолади). Лекин маҳаллий ҳокмиятларда қонуннинг бузилиши ҳолатлари тез-тез учраб туради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ