Гулнора Каримованинг ўғли онасининг Ўзбекистонда тортиб олинган активларини санаб ўтди

Гулнора Каримова . Total.kz сайти фотосурати

Ўзбекистоннинг биринчи президенти қизи Гулнора Каримовадан давлат ихтиёрига ўтказилган активлар қаторидан «Ўзбекистон почтаси», Perfectum Mobile уяли оператори, Тошкентнинг нуфузли туманларида жойлашган 98 та квартира ва бошқа мулклар ўрин олган. Гулнора Каримованинг ўғли Ислом Каримов ўзининг Instagram ва синглиси Имоннинг Facebook-саҳифаси орқали президент Шавкат Мирзиёевга қилган мурожаат мактубида мана шулар ҳақида сўз юритилади.

Каримова фарзандлари келтирган рўйхатда МДС тиббиёт маркази, иккита хусусий клиника, аэропорт ва Тошкентдаги duty free савто шаҳобчалари, Levi’s, Mango, Benetton ва бошқа дунё брендлари магазинлари, бешта ресторан, тўртта кинотеатр, иккита спорт ва спа клублар, 20 тадан ортиқ қурилиш майдонлари, пойтахт марказидаги 20 тадан ортиқ савдо майдонлари, риэлтр компаниялари, чорвачилик фермалари, қишлоқ хўжалиги ерлари кўрсатилган. Мурожаатда «Кока-Кола Узбекистан» компаниясининг 26 фоиз акцияси, «Корзинка» супермаркетлар тармоғи, Gabus, Paynet ва UCell брендларига эга компанияларнинг акциялари Гулнора Каримовага тегишли бўлганлиги айтилади.

Кичик Ислом Каримовнинг фикрича, онасининг давлатга қайтарган $1,2 млрд миқдоридаги маблағ мана шу активлардан иборат. Бироқ, Каримовнинг таъкидлашича Молия вазирлиги ушбу фактларни инобатга олмаган. Ҳозирда юқорида тилга олинган мулк, қимматбаҳо қоғоз ва активлар давлат тасарруфида эмас, балки бошқа хусусий мулкчиларнинг ихтиёрида, деб ёзади «ўзбек маликаси»нинг ўғли.

Бундан ташқари, мактубда Каримова иши бўйича терговчи Расул Йўлдошевнинг фактларга ғирромлик билан ёндашаётгани боис суддаги гувоҳлар берган кўрсатмаларидан воз кечаётгани айтилади. Шунга қарамасдан, судялар айбланувчига ён босадилар. Жумладан, Гулнора Каримова Тошкент электр станцияси қурилишида $35 млн ўғирлаганликда айбланади. Лекин гувоҳлар бизнес-хонимнинг бунга ҳеч қандай алоқаси йўқ эканини айтадилар. Кичик Ислом Каримовнинг норозилигига суд жараёни жамоат кузатувчиларисиз ёпиқ ҳолда ўтаётгани ҳам сабаб бўлган.

Авваллари Каримованинг Швейцария, Франция ва Буюк Британияда бошқа мулклари борлиги хабар берилганди. Унинг уйларида маданий ва бадиий қийматга эга минглаб санъат асарлари (картиналар, сопол, ёғочдан ишланган буюмлар ва ҳ.к) борлиги ва улар 12,7 млрд сўм ($1,3 млн) қийматига эга бўлган. Кейинчалик буларнинг барчаси Ўзбекистон музейларига топширилган.

Гулнора Каримова жиноятларига оид тергов ишлари 2012 йил Европа давлатларида бошланган эди. Кейинчалик бу аёлга нисбатан Ўзбекистонда ўғирлик ва солиқдан бўйин товлаш билан боғлиқ иккита жиноят иши қўзғатилади. Гулнора Каримованинг давлат ва одамларга келтирган зарари 1 трлн 270 млрд 200 млн сўм, 1 млрд 651,8 млн АҚШ доллари, 26,1 млн евро миқдорида баҳоланган.

2015 йили Каримова беш йил эркинликни чеклаш, 2017 йили 10 йиллик қамоқ жазосини олади. 2018 йили суд иккинчи жиноий иш бўйича жазони беш йил эркинликни чеклаш қарорига алмаштиради. 2019 йил бошида Гулнора Каримова «жазони ўташ тартиб ва қоидаларини қўпол бузганлиги учун» Зангиота аёллар колониясига жўнатилади. 2020 йил март ойида Каримовага учинчи жиноий иш юзасидан 13 йилу 4 ой озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ