Ўзбекистонда етиштирилган пахта толасининг нархи Нью-Йорк биржасидаги савдога қараб белгиланади

Westland.ru сайти фотоси

Маҳаллий ишлаб чиқарилган базавий сифатдаги пахта толасининг бошланғич нархи Нью-Йорк товар биржасининг энг яқин етказиб бериш ойи учун фьючерс котировкаси қийматидан келиб чиққан ҳолда сотувчи томонидан белгиланади. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг 6 май куни имзоланган “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида” фармонида сўз юритилади.

Прогнозларга кўра, халқаро биржа нархларига ўтиш, хомашё таннархини 10 фоизга тушириш имкониятини беради. Биржа савдоларида 2020 йил 1 апрелга қадар миллий валютада сотилган пахта толаси учун якуний ҳисоб-китобларни амалга ошириш муддати 90 кундан 150 кунгача узайтирилади.

2020-2025 йилларда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари, шунингдек, тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналарини айланма маблағлар билан таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 300 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит линиялари маблағлари ажратилади. Шунингдек, тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати учун очилган тижорат банклари кредитлари, халқаро молия институтлари қарз маблағлари ва хорижий банклар кредит линиялари жалб қилинади.

2021 йил 1 январдан бошлаб олиб чиқиладиган ҳар бир килограмм ип-калава учун 0,01 АҚШ доллари, 2022 йил 1 январдан олиб чиқиладиган ҳар бир килограмм ип-калава ва трикотаж мато учун 0,05 АҚШ доллари, 2023 йил 1 январдан – 0,1 АҚШ доллари, 2025 йил 1 январдан – 0,2 АҚШ доллари миқдорида йиғим ундирилади.

Тўқимачилик корхоналари экспорт қилган маҳсулот республикадан чиқиб кетиши билан қўшилган қиймат солиғи тўлиқ қайтарилади; соҳа учун муҳим бўлган 64 турдаги хомашё ва материаллар божхона божидан озод қилинди. Шунингдек, тайёр маҳсулот экспортини кескин кўпайтириш, йирик, камида 1 мингта одам ишлайдиган, халқаро бренд остида ишлаб чиқарувчи замонавий йирик тўқимачилик ва тикув кластерларини барпо этиш кўзда тутилмоқда.

Президентининг бошқа қарори билан ташиш харажатлари учун субсидия бериладиган маҳсулот турлари ҳозирги 52 тадан 86 тагача кўпайтирилди. Бу рўйхатга 32 турдаги сабзавот ва полиз маҳсулотлари ҳамда ҳўл, музлатилган ва консерваланган мевалар қўшилди. Ушбу транспорт харажатини субсидиялаш механизмидан 2 мингдан зиёд экспортёр корхоналар фойдаланиши имконияти яратилмоқда.

Олдинроқ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев тўқимачиларга беш йил давомида тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини тўрт-беш баробарига кўпайтириш, ассортиментни кенгайтириш ва сифатни яхшилаб, ташқи бозорни ўзлаштириш бўйича топшириқ берганди. Бугунги кунда тўқимачилик корхоналарида 365 минг ишчи-ходимлар ишлаяптилар. Ўзбекистон 2019 йилда 1.6 миллиард АҚШ долларига тенг миқдордаги тўқимачилик маҳсулотини экспортга чиқарган. Мирзиёевнинг Ўзбекистонда тўқимачилик соҳаси 15 миллиард АҚШ долларигача экспорт қилиш ҳамда уч миллиондан зиёд одамларни иш билан таъминлаш салоҳиятига эга дея ишончи комил.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ