Март ойида деярли 50 минг кишининг фуқароликка эга бўлиш имкониятини берувчи фуқаролик тўғрисидаги қонуннинг янги таҳририни қабул қилган Ўзбекистон бошқа мамлакатлар учун фуқаросизликка қарши курашда ўрнак бўлиши мумкин. Бу ҳақда БМТ Қочоқлар иши бўйича Олий комиссари бошқармасининг расмий вакили Шабия Манту (Shabia Mantoo) Euronews телеканалига берган интервью давомида билдирди.
Қўшни Қирғизистон мамлакатда фуқаросизликни тугатган дунёдаги биринчи давлат бўлиб қолди. “Биз ушбу ҳудудда фуқаросизлик муаммосини ҳал қилиш соҳасида мисли кўрилмаган прогрессни кузатмоқдамиз”, — дея қайд этди Манту. У Ўзбекистонда фуқаролик тўғрисидаги қонуннинг янги версияси қабул қилинишини “жуда ҳам исталган қадам” сифатида баҳолади ҳамда дунёдаги бошқа мамлакатлар ҳам “сиёсий ирода мавжуд бўлган ҳолатда осон ҳал қилиниши мумкин бўлган” муаммо билан шуғуллана бошлашларига умид билдирди.
1991 йилда СССР парчаланганидан кейин Марказий Осиёдаги юз минглаб одамлар фуқароликсиз қолдилар. БМТ Қочоқлар иши бўйича Олий комиссари бошқармаси бутун дунё бўйлаб бирорта ҳам мамлакатнинг фуқароси сифатида тан олинмаган 12 миллионга яқин одамлар борлигини маълум қилмоқда. Улар тиббий ёрдам, таълим олиш ва бошқа базавий ҳуқуқлардан маҳрум этилган.
“Биз фуқаролиги йўқ шахсларнинг кундалик ҳаётида маҳрум бўлган кўп нарсаларга эгалик қиламиз. Бутун ҳаётини бегона бўлиб ўтказишни тасаввур қилинг”, — дея қайд этди Манту. Апатридлар нафақат тиббий хизматдан ва ҳужжатлардан маҳрум қилинган, улар яна сайловларда иштирок этиш, ишга жойлашиш, саёҳат қилиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилинган, дея эслатди у.
Ўзбекистон мустақилликка эришгандан бери бу мамлакатда 10 мингга яқин одам фуқароликни олишга эришди. Шу билан бирга, 2007 йилдан 2016 йил декабрига қадар бирорта ҳам чет эллик одам ва фуқаролиги йўқ шахсларга паспорт берилмаган.
Президент Шавкат Мирзиёев март ойида имзолаган қонуннинг янги таҳририга мувофиқ, 1 апрелдан бошлаб 1995 йилгача Ўзбекистонга келган ва шундан буён истиқомат қилаётган шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги автоматик тарзда берилиши кўзда тутилмоқда. Ўзбекистонга янги қонун лойиҳасини тайёрлаш чоғида тавсиялар бериб турган БМТ хулосасига кўра, бу мамлакатдаги фуқаролиги йўқ шахсларнинг (97 минг кишидан зиёд) деярли ярмини қамраб олади.
Қонун қабул қилиб бўлиниши билан БМТ бош котиби Антониу Гутерриш мамлакатни “камида 50 минг киши учун фуқаросизлик тамғасидан қутилишга имкон берувчи” янги қонун қабул қилиниши билан табриклади ҳамда эришилган ушбу ютуқни 2024 йилга келиб бутун дунё бўйича фуқаросизликни тугатишга йўналтирилаётган глобал ҳаракатларга қўшилган муҳим улуш сифатида олқишлади.
Ўзбекистон фуқаролигини олиш истагини билдирганлар давлат тилини ўзаро мулоқот учун етарли даражада билишини исботлаб қўйиши лозим бўлади. Ўзбекистон фуқаролигига қайта тикланишга фақат бир марта рухсат берилади (бунгача уринишлар миқдори кўрсатилмаганди). Шу билан бирга, бошқа давлатларнинг ҳарбий хизматига, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ёки бошқа кучишлатар тузилмаларига ишга кириши; бошқа давлат фойдасига қаратилган машғулотлар билан шуғулланиши ёки тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноят содир этиши натижасида фуқаролигини йўқотган шахслар фуқароликда қайта тикланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.