Мирзиёев ўзбекистонликларга шахсий транспортни бошқариш ҳуқуқини қайтариш бўйича кўрсатма берди

Шавкат Мирзиёев карантин шароитини юмшатиш бўйича кейинги босқичга ўтилишини маълум қилди. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотоси

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шахсий автомобиллардан фойдаланиш учун стикерларни бекор қилиш бўйича топшириқ берди. Стикерларнинг бекор қилиниши президент матбуот хизматининг видеоселектор йиғилиши тўғрисидаги хабарида анонс қилинган.

Демак, стикерлар бекор қилинадиган бўлса, Тошкент, Нукус ҳамда вилоят марказларида шахсий транспортдан эркин фойдаланиш мумкин бўлади. Бундан ташқари, COVID-19 эпидемияси туфайли чекланган вилоятлараро транспорт қатнови яна қайтадан йўлга қўйилади. Бу борада коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича Республика махсус комиссияси қарор қабул қилиши керак бўлади.

Шахсий транспортларда ҳаракатланишга тақиқ 30 мартдан бошлаб амал қилмоқда. Стикерлар фақат айрим ижтимоий жиҳатдан аҳамиятли компания ва ташкилотларга, шу жумладан, озиқ-овқат ва дори-дармон етказувчиларига, банкларга, почта, коммунал хизмат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига ва қутқарувчиларга тақдим этилган. Бир ой ўтиб, 30 апрель куни шахсий транспорт эгаларига бир кеча-кундузда олти соат давомида, эрталаб ва кечқурун ишга бориш ва қайтиш, касалхона ёки дорихонага бориб-келиш учун автомобилларидан фойдаланишга рухсат берилди.

Мирзиёев эпидемиологик вазият яхши бўлган ҳудудларда, санитария талабларини белгилаган ҳолда, ноозиқ-овқат дўконлари, тиббий диагностика, такси хизмати, таъмирлаш, тикувчилик, маиший техника ва пойабзал тузатиш, сартарошхоналар фаолиятига рухсат бериш кераклигини қайд этиб ўтди.

Лекин, коронавирус тўла бартараф бўлмагани сабабли, одамлар кўп тўпланадиган объектлар, жумладан, театр, концерт ва спорт заллари, тўйхоналар, жамоат транспорти бўйича чекловлар маълум муддатгача сақланиб қолади. Республика махсус комиссиясига хизмат кўрсатиш турларини қайси ҳудудларда ва қандай шартлар асосида йўлга қўйишни белгилаш топширилди.

“Эпидемиологик вазият яхшилангани сари чекловларни бекор қилишни давом эттирамиз. Аксинча, вазият ёмонлашса, карантин чораларини қайта тиклаймиз”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини имзолади (қарорнинг тўлиқ матни ЎзА сайтида чоп этилган). Қарорга кўра, тўқимачилик корхоналари ва кластерларини янада қўллаб-қувватлаш, маҳсулот рақобатдошлигини ошириш мақсадида хомашё нархини 10 фоизгача пасайтириш имкониятини берувчи халқаро биржа нархларига ўтилади. Ички бозорда 1 апрелга қадар сотилган пахта толаси учун якуний тўлов муддати 90 кундан 150 кунгача узайтирилди.

Тўқимачилик корхоналари экспорт қилган маҳсулот республикадан чиқиб кетиши билан қўшилган қиймат солиғи тўлиқ қайтарилади; соҳа учун муҳим бўлган 64 турдаги хомашё ва материаллар божхона божидан озод қилинди. Шунингдек, тайёр маҳсулот экспортини кескин кўпайтириш, йирик, камида 1 мингта одам ишлайдиган, халқаро бренд остида ишлаб чиқарувчи замонавий йирик тўқимачилик ва тикув кластерларини барпо этиш кўзда тутилмоқда.

Президентининг “Экспорт фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан ташиш харажатлари учун субсидия бериладиган маҳсулот турлари ҳозирги 52 тадан 86 тагача кўпайтирилди. Бу рўйхатга 32 турдаги сабзавот ва полиз маҳсулотлари ҳамда ҳўл, музлатилган ва консерваланган мевалар қўшилди. Ушбу транспорт харажатини субсидиялаш механизмидан 2 мингдан зиёд экспортёр корхоналар фойдаланиши имконияти яратилмоқда ва бунга бюджетдан 360 миллиард сўм йўналтирилади.

Мутахассислар эпидемиологик вазиятнинг тобора яхшиланиб бораётганини қайд этаётгани боис, Ўзбекистонда карантин чораларини босқичма-босқич юмшатиш ишлари 22 апрелдан бошланган. Расмийлар аввалига қурилиш ва қишлоқ хўжалиги ишларини қайта тикладилар, шундан сўнг кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи ота-оналарга болалари билан уйга ёндашган ҳудудда сайр қилишга рухсат бердилар. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини республика ичида ташишга рухсат берилди ва 4 май кундан бошлаб Тошкентда ИИББ тузилмаларида фуқароларни қабул қилиш қайта бошланди.

Шу билан бирга, ҳудудлардаги ўзига хос эпидемиологик аҳвол эътиборга олинмоқда. Мисол учун, Андижон вилоятида 4 майдан бошлаб 3,6 мингдан зиёд тижорат объектлари – шу жумладан, сартарошхона, меҳмонхона ва гўзаллик салонларининг фаолияти қайта тикланди. Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳокимликлар билан бирга ҳар бир туман ва шаҳарларда карантин даражасини белгилаш ҳамда вазият ўзгаришига қараб уларнинг шартларини ўзгартиришга топшириқ берилган.

Ўзбекистонда 5 май кунига келиб коронавирус юқтирилишининг 2207 та ҳолати қайд этилган. Бир кунда беморлар қаторига 18 киши қўшилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ