Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг экспертлари Туркманистонга ташрифи юзасидан келишолмагани сабаб Тожикистонда ушланиб қолишга мажбур бўлмоқдалар. Бу ҳақда 5 май куни «Азатлык» радиоси хабар беради.
«Даставвал Тожикистондан сўнг Туркманистонга ўтиш режалаштирилган эди. Биз ҳалиям логистика масаласини ҳал қилиш жараёнида турибмиз, зеро бу масала ҳозирча мураккаблигича қолмоқда», — дея журналистларга тушунтириш берди ЖССТ Европа бўлимининг матбуот хизмати вакили Стефани Брикман.
Бундан аввал Ашхабоддаги БМТ агентлигининг Gundogar нашри манбаси Туркманистон ҳукумати ЖССТга таклифнома беришдан бош тортаётганини айтганди. Бу ҳужжатсиз хориж экспертлари Туркманистонга кира олмайдилар.
Туркманистон ва Тожикистон ҳукуматлари узоқ вақт давомида ўз ҳудудларида COVID-19 йўқлигини иддао қилиб келдилар. Аслида дунёнинг йигирматадан кам давлатига коронавирус ҳуруж қилмаган, зеро мазкур мамлакатларнинг аксарияти оролларда жойлашган. 23 апрель куни Туркманистон ТИВ раҳбари Рашид Мередов мамлакатда коронавирус борлиги борасидаги миш-мишларга илк бор расмий муносабат билдирди. У тарқалган бу гаплар ҳақиқатдан йироқ эканига урғу бераркан, четдан келган дипломатларни карантин лагерларига киритишга тайёр эканини айтган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти шу куни ўз экспертларини Тожикистон ва Туркманистонга юборишга қарор қилди. Тожикистон ҳукумати 30 апрель куни мамлакатда коронавирусга чалинган одамлар борлигини илк бор тан олди ва бунинг эртаси куни ЖССТ вакиллари мамлакатга етиб келдилар.
27 апрель куни Туркманистоннинг Лебап вилоятида содир бўлган кучли шамол туфайли вазият мураккаблашган, зеро айнан шу вилоятда карантин лагерлари жойлашган. Ҳукумат табиий офат асоратларини сир тутишга ҳаракат қилди: мамлакат расмий оммавий ахборот воситаларида бу ҳақда лом-мим дейилмади. Мустақил ОАВ табиий офат туфайли ҳудуддаги кўпгина уйлар вайрон бўлгани, 30 нафарга яқин одам ўлгани, ўнлаб одам шикастлангани ёки бедарак йўқолганини ёзди. Кучли шамол асоратларига доир кўплаб фотосуратлар эълон қилинган.
Шунга қарамасдан ЖССТнинг Туркманистондаги офиси раҳбари Паулина Карвовска 3 май куни Туркманобод ва Туркманбоши шаҳарларидаги карантин лагерларига ташриф буюрганини маълум қилади. У мамлакатда COVID-19 йўқлиги маълумотини тасдиқлаган. Лепаб вилоятининг маркази саналмиш Туркманободга ташрифидаги бўрон оқибатлари ҳақида сўз юритмаган. Шунингдек, 3 май куни БМТнинг Туркманистондаги доимий координатори Елена Панова ҳам мамлакатда коронавирус йўқ эканини таъкидлаган.