Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистонга дипломатик нота юбормайдиган бўлди

Туркистон вилоятидаги қутқарувчилар. Қозоғистон ИИВ ФВҚ матбуот хизмати фотосурати

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Сардоба сув омборидаги сув тошқини оқибатида Туркис тон вилоятининг аҳоли пунктларини сув босиб кетгани юзасидан Ўзбекистонга нота юбормайди. Бу ҳақда вазирликнинг расмий вакили Ойбек Смадияров маълум қилади, деб хабар беради Tengrinews.kz.

«Чегарадош вилоятлар раҳбариятининг сув тошқинига биргаликда барҳам беришдаги яқин ҳамкорлигини инобатга олган ҳолда Қозоғистон дипломатларининг ўзбек ҳамкасбларига нота юбориши масаласи ўртага қўйилмаган», — дея нашр мулозим сўзларини келтиради.

Смадияров сўзларига кўра, Туркистон вилояти ҳокими «тезкорликда қўшни Ўзбекистон ҳудудига ташриф буюриб, ўзбек томони билан керакли музокараларни олиб борган». ТИВ вакилининг ўзи 6 май куни «ҳамкорликда ҳаракатлар алгоритмини ишлаб чиқиш» учун Туркистон вилояти ҳамда Ўзбекистонга ташриф буюради.

Бундан олдин Қозоғистон Экология, геология ва табиий ресурслар вазирининг ўринбосари Сергей Громов Қозоғистоннинг Ўзбекистонга нота юбориш ниятида эканини айтганди. «Мазкур сув омбори қурилиши биз билан муҳокама қилинмаган. Биз бу ҳақда ўзбек томонига бир неча бор мурожаат қилганмиз ва пировардида етарли маълумотларни олмаганмиз. Бугун биз нотани тайёрладик ва у ТИВ орқали ўзбек томонига юборилади. Унда биз Сирдарёнинг чегаравий хавзасида бунёд этилган барча объектларнинг рўйхати берилишини сўраганмиз», — дея қозоқ нашри мулозим сўзларини келтиради. Громовга кўра, расмий баёнотда Сардоба сув омборининг (дамбанинг сув бузиб кетган қисми) қайта тикланмаслиги таклифи илгари сурилади. «Қайта тикланган тақдирда ҳам унинг кам хажмдаги қисми тикланиши сўралади», — деб қўшимча қилган вазир ўринбосари.

1 май куни Ўзбекистон ғарбида жойлашган Сардоба сув омбори дамбасидан сув кетиши юз берди. Сув тошқини оқибатида Қозоғистоннинг Туркистон вилоятидаги Мактаарал туманининг чегараолди ўнта аҳоли пунктига сув босган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ҳудудга 404 млн тенге ($949 мингга яқин) миқдорида зарар келтирилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ