Ҳуқуқ ҳимоячилари Тошкент ва Нур-Султоннинг COVID-19 инфекциясига нисбатан адекват бўлмаган муносабатини қайд этдилар

Openrussia.org сайти фотосурати

Amnesty International Халқаро ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматларидан COVID-19 пандемиясига қарши кураш олиб боришда вазиятга адекват бўлган чораларни қўллашни ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасида ўзларининг зиммаларига олган мажбуриятларни бузмасликни талаб қилди. Бу ҳақда AI маърузасида сўз юритилади (маъруза матни “Фарғона” таҳририятида мавжуд).

Ҳуқуқ ҳимоячиларнинг қайд этишича, Туркманистон ва Тожикистон каби мамлакатлар инфекциянинг таҳликасини камайтириб кўрсатаётган бўлсалар, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон аксинча, репрессив ва зўравонлик чоралар билан муносабат билдирмоқдалар. “Минтақада COVID-19 пандемияси тарқалиши билан кўпчилик ҳукуматлар жамоатчилик соғлиғини сақлаб қолишдан кўра ўзгача фикрларни бостиришдан кўпроқ манфаатдор деган тасаввур шаклланмоқда”, — дея билдирди Марказий Осиё бўйича Amnesty International тадқиқотчиси Хеза Макгилл.

Унга кўра, “минтақа ҳукуматлари афтидан, пандемияни инсон ҳуқуқларини бостириш учун ўзига хос карт-бланш сифатида кўрмоқда”. Инсон ҳуқуқларининг бузилишлари қаторига тадқиқотчи аёл керагидан ортиқ даражада куч ва чекловчи чораларни мисол қилиб келдирди: Қозоғистон ва Қирғизистонда кўп квартирали уйларда подъезларнинг эшикларини очиб бўлмайдиган қилиб пайвандлаб қўйиш ҳолатлари қайд этилган. Мисол учун, Қирғизистоннинг Қарақол шаҳрида (Иссиқкўл вилоятининг маъмурий маркази) 6 апрель куни ўнлаб оилалар яшайдиган кўп квартирали уйдаги одамлардан бирида COVID-19 коронавирус инфекциясига ўтказилган тест мусбат натижа кўрсатганида, подъезднинг эшигини очилмайдиган қилиб пайвандлаб, ичкаридаги одамларни ташқарига чиқа олмайдиган қилиб қўйдилар, дея қайд этади AI.

“Вируснинг тарқалишини олдини олиш бўйича ҳар қандай қатъий чоралар қўлланадиган вақт бўйича чекланган ва мутаносиб бўлиши ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги стандлартларга мувофиқ келиши шарт”, — дея таъкидлайди ҳуқуқ ҳимоячи аёл.

Баъзи ҳукуматлар COVID-19 пандемиясини баҳона қилиб, асосий инсон ҳуқуқларига нисбатан очиқдан-очиқ беписанд муносабатда бўлмоқдалар. Белоруссия, Тожикистон ва Туркманистоннинг сиёсий лидерлари пандемия таҳликасини камайтириб кўрсатдилар ҳамда ўз самарасини исботлаб бера олмаган халқ табобати воситаларини тарғиб қилдилар. Мисол учун, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимухамедов касалликнинг олдини олиш учун уйларга исириқ тутатишни тавсия қилди. Бутун минтақа бўйлаб молия билан етарли даражада таъминланган соғлиқни сақлаш тизимлари одамларга керакли ёрдамни бериш учун кураш олиб боришмоқда.

Кўп ҳолларда расмийлар ахборот тарқатишга уринган журналистлар ва бошқа шахсларни таъқиб этиш учун фавқулодда ваколатлардан фойдаланмоқдалар. Озарбайжон ва Россияда COVID-19 инфекциясига қарши курашдаги камчиликлар ҳақида ахборот тарқатган ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари, журналистлар ва тиббиёт ходимларини жавобгарликка тортдилар. Бошқа мамлакатлар ва хусусан, Ўзбекистонда “фейк янгиликларни тарқатганлик учун” улкан жарималар тайинланди.

“Бутун минтақадаги журналистларнинг англашича, ушбу таҳдидли ҳаракатлар кўпчилик мамлакатларнинг расмийлари инсон соғлиғини сақлаб қолишдан кўра, ўз танқидчиларига тазйиқ ўтказиш ҳақида қайғуришмоқда”, — дейди Ҳеза Макгилл. – Шарқий Европа ва Марказий Осиёдаги одамлар ушбу қийинчилик ва ноаниқ кунларда яхшироқ муносабатларга лойиқ. Уларнинг ҳукуматлари соғлиқни сақлаш ҳуқуқини амалга ошириш учун барча ресурсларини ажратишни ҳамда коронавирусга қарши кураш давомида ўз эътиборини инсон ҳуқуқларига риоя қилишга қаратиши зарур.

Ўзбекистонда COVID-19 тўғрисидаги фейк янгиликлар учун 26 мартдан бошлаб жиноий жавобгарлик белгиланган. Ўша куни президент Шавкат Мирзиёев Жиноят ва Маъмурий ҳуқуқбузарлик кодексларига тегишли тузатишлар киритишни кўзда тутувчи ҳужжатни имзолаган эди. “Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликларнинг пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш, нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёки оммавий ахборот воситалари, шунингдек Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғи орқали тарқатиш – базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима (4,6 мингдан 9,2 минг АҚШ долларигача) ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”. Бундан олдин эса (республикда COVID-19 инфекциясининг биринчи марта қайд этилгунига қадар) коронавирусдан оммавий ўлимлар ҳақидаги фейк янгиликлар тўлқини тарқаган эди.

Қайд этамиз, ҳуқуқ ҳимоячиларнинг баёнотида кўрсатиб ўтилган барча ҳолатлар ҳам расмийлар томонидан тан олинмаяпти. Мисол учун, Иссиқкўлнинг Қарақол шаҳри ҳокимлиги коронавирус юқтириб олган одам яшайдиган уйнинг эшигини чиқиб бўлмайдиган қилиб пайвандланганини инкор этган, бироқ инфекция юқтириб олган одам қўшниларидан кимлар билан алоқада бўлганини маълум қилишни истамаганлиги боис, уйни карантинга олинганини тасдиқлаган.

Қозоғистоннинг Ақтау шаҳар ҳокимлиги ҳам ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари томонидан тарқатилаётган фосуратлар бўйича 11 микрорайондаги №10 уйнинг эшиги чиқиб бўлмайдиган қилиб пайвандлаб қўйилгани ҳақидаги хулосасини рад этган: “Эшик ташқарисидаги лўкидон пайвандлаб қўйилган, холос, эшикнинг ўзи очилади”, — дея билдирган ҳокимлик вакиллари бунга очиқ эшикнинг фотосуратини ҳам илова қилдилар. Расмийларнинг таъкидлашича, коронавирус инфекциясини юқтириб олган касаллар аниқланганида, улар яшайдиган уйларнинг биринчи қаватидан бешинчи қаватигача барча подъездлар ва уй олдидаги 500 метр радиусдаги ҳудуд дезинфекция қилинган.

Қарағандада полиция ва санитария врачлари чиндан ҳам кўп квартирали уйнинг подъезди эшигига ичкаридаги одамлари билан қолганига қарамай устидан омбор қулфини осиб қўйишган. Бунга шу подъездда яшайдиган одамнинг инфекция юқтириб олган беморлар билан мулоқотда бўлгани ва унга тайинланган уй карантини тартибини бузиб келгани сабаб бўлган. Шу билан бирга, вилоят ҳокимлиги вакили ҳокимият томонидан подъездни очилмайдиган қилиб ёпиш тўғрисида топшириқ берилмаганини билдирган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ