Тўқимачилик корхоналари учун пахта толасига тўлов муддати узайтирилади

Ўзбекистонда тўқимачилик маҳсулотлари . Apparelresources.com сайти фотосурати

Ўзбекистондаги тўқимачилик корхоналарига пахта толаси учун тўлов икки ойга узайтирилди. Президент Шавкат Мирзиёев пандемия даврида тўқимачилик саноатини ривожлантиришга бағишланган мажлисда шундай топшириқ берди. Президент 1 апрелга қадар сотилган пахта толасининг якуний тўлов муддатини 90 кундан 150 кунга узайтиришга доир кўрсатма берди. Мажлисда Молия вазирлигига корхоналарнинг айланма маблағини ўзида сақлаб қолиш учун экспорт божхонада расмийлаштирилган заҳоти қўшилган қиймат солиғини қайтариб бериш механизмини жорий қилиш топшириғи берилди.

Президент мажлисда беш йилда тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни 4-5 бараварга кўпайтириш, таннархни рақобатчиларга нисбатан арзонлаштириб, ташқи бозорларни эгаллаш бўйича топшириқлар берди. Шунингдек, йиғилишда хорижий компаниялар билан биргаликда йирик экспорт корхоналари ташкил этиб, таниқли брендлар асосида бозорбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш юзасидан кўрсатмалар берилди. Шу мақсадда Наманган, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида тайёр маҳсулот экспорт қилувчи янги корхоналар учун технопарк ташкил этилади. Ушбу лойиҳаларни молиялаштириш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан кредит линияси доирасида 300 миллион доллар маблағ ажратилади.

Мажлисда тайёр маҳсулотлар фақат минтақадаги республикаларга сотилаётгани қайд этилди. Европа бозорига чиқиш учун ўзбек экспортёрлари 15 фоиз бож тўлови тўлашлари зарурлиги, транспорт ҳаражатлари эса тўрт баробарга қимматлашиши айтилди. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасига Европа Иттифоқи бозорлари учун “GSP+” мақомини олиш вазифаси қўйилди. Шунингдек, Халқаро молия корпорацияси кўмагида маҳсулотларни “BSI”(Буюк Британия стандартлаш миллий органи) стандартлари асосида сертификатлаш ишларини жадаллаштириш кераклиги таъкидланди. Экспортёрлар харажатларини субсидия қилишни янада кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ўзбекистонда тўқимачилик саноатида 2 мингдан зиёд корхона фаолият юритади, уларда 365 минг нафар аҳоли ишлайди. Соҳанинг экспорт салоҳияти сўнгги 3 йилда 2 баравар ошган. Ўтган йили бу борадаги кўрсаткич 1,6 миллиард долларни ташкил этган. Мирзиёев тўқимачилик саноати экспортни $15 миллиардга етказиш ва 3 миллион одамни иш билан таъминлаш салоҳиятига эга эканини таъкидлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ