Ўзбекистонда фрилансерлар учун имтиёз ва преференциялар бериш ишлари йўлга қўйилади. 22 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтган видеоселектор мажлисида шу ҳақда сўз юритилди, деб хабар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати.
Хабарда бугунги кунда кўпчилик одамларнинг дизайн, таржима, дастурлаш, реклама, репититорлик ва бошқа соҳаларда онлайн хизмат кўрсатаётганлиги таъкидланган. Лекин бундай мутахассислар, яъни фрилансерлар учун масофадан туриб ҳисоб рақамини очиш, почта, тўловларни қабул қилишда қатор тўсиқлар мавжуд. Оқибатда ушбу фаолият билан шуғулланувчиларнинг харажатлари 2-3 баробар ошиб кетмоқда.
Шу боис мутасаддиларга бундай фаолият турлари учун имтиёз ва преференциялар бериш, ёшларни интернетдан фойдаланиб, ақлий меҳнат орқали даромад топишга ўргатиш, соҳани ривожлантириш учун хорижда оммабоп бўлган тўлов тизимларини йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берилди. Шунингдек, ҳукумат ёшларни интернет орқали интелектуал меҳнат билан даромад топишига кўмак беради.
Бундан бир ҳафта олдин Ўзбекистон Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов «уйдан чиқмасдан туриб ҳам интенет орқали пул топиш мумкин» лигини айтиб ўтганди. «Айримларга бу қийин иш бўлиб туюлиши мумкин. Лекин мен пул ишлаб топиш имконияти бор бўлган платформалардан бири -upwork.comга кириб кўрсам, Ўзбекистонда яшаётган одамлар бу платформа орқали $10 ва ундан ортиқ даромад топганига гувоҳ бўлдим», — деб ёзади вазир ўзининг Facebook саҳифасида. У шундай йўллар билан нафақат тошкентликларнинг, балки республиканинг бошқа вилоятидаги инсонлар ҳам даромад топиш йўлларини топганликларини таъкидлаган. Шерматов тажрибаси етук фрилансерлар иштирокида онлайн-дарс бериш борасида эълон бериб, бу борада интернет орқали пул ишлаётган тажрибали ҳамюртларни ҳамкорлик қилишга чорлади.
22 апрелдаги мажлисда ўзини ўзи банд қилган одамлар борасида ҳам сўз юритилди. Ўтган йил сентябрдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномаси бериш бошланган бўлса-да, бу ҳали етарли даражада самара бермаяпти.
Шу боис ўзини ўзи банд қилган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг қонуний фаолият юритиши учун қулай ва содда ҳуқуқий тизим яратиш зарурлиги таъкидланди.
Ҳозирда бундай кишиларга 85 та фаолият тури билан шуғулланишга рухсат берилган. Йиғилишда бу рўйхатни кенгайтириш, қонунда тақиқланмаган барча тадбиркорлик турларига рухсат бериш кераклиги айтилди. Ўзини ўзи банд қилган одамлар фақат хабардор қилиш орқали рўйхатдан ўтиб ишлайдилар.