Мирзиёев тадбиркорлар ва фермерларни кам таъминланган оилаларни иш билан таъминлашга чақирди

Мирзиёев мажлисда. President.uz сайти фотосурати

Ўзбекистонда тадбиркор ва фермерлар камбағал оилаларга томорқада экин экишга ёрдам бериши, такрорий экин учун ўз еридан жой ажратиши, касаначиликни йўлга қўйишда кўмаклашиши лозимлиги таъкидланди. Давлат эса бундай субъектларга солиқни бўлиб-бўлиб тўлаш, муддатини кечиктиришга рухсат беради ёки кредит ажратади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 22 апрель куни аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромади кескин камайишининг олдини олиш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилиши давомида шундай механизмни яратиш бўйича вазифа қўйилди.

Мазкур тадбирларни ташкил этиш учун Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда вазирлик ва ҳокимиятлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Давлат солиқ қўмитасининг Оператив штаби тузилади.

Президент 110 минг кишини мавсумий, 167 минг фуқарони жамоат ишлари билан қамраб олиш вазифасини қўйди. Мирзиёев карантингача даврда ҳам ишсиз бўлган ҳамда кунда топган даромадига қарам бўлиб юрган одамларни ишга жойлаштириш зарур, дея таъкидлаб ўтди. Хусусан, қишлоқ хўжалиги кооперативлари ва хонадонларда иссиқхоналар ташкил этиш ҳисобига 14 мингта янги иш ўрни яратиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

Президент барча туман ва шаҳарларда ишсиз қолган ҳамда эҳтиёжманд аҳолини номма-ном аниқлаб, шакллантирилган рўйхатлар асосида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасидаги ишларни манзилли йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берди. Эндиликда “умумхалқ ҳаракати” сифатида кўрилаётган жамғармани ЎзА реклама қилиб, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати халқимизни янада жипслаштиради” дея номланган мақоласини чоп этган.

“Рамазон ойида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати эзгу амаллар билан уйғунлашиб кетишида ҳам чуқур маъно бор. Муқаддас ойда муҳтожларга ёрдам кўрсатилиши, эҳтиёжмандлар қўллаб-қувватланиши руҳий бирдамлигимиз ва бардамлигимизни оширади. Айни шу туйғулар мураккаб синовларни енгиб ўтишда ҳаммамизга қўшимча куч-қувват беради, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати халқимизни янада жипслаштиради”, — дейилади Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов томонидан имзоланган мақолада.

Карантин даврида Бандликка кўмаклашиш жамғармаси ва Жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан 141 минг 800 нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланиб, уларга 43 миллиард 225 миллион сўм иш ҳақи тўлаб берилди.

Мамлакатда карантин туфайли 196 мингта корхонада ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш ҳажми кескин камайган. Карантин туфайли, табиийки, ишсизлар сони ҳам ошган. Буни апрель ойидаги 20 кунлик солиқ тушумларида ҳам кузатиш мумкин. Жумладан, қатор вилоятларда 30-40 фоиз, айрим туман ва шаҳарларда эса 50 фоиздан зиёд тушум таъминланмаган.

Ҳозирги кунда умумий овқатланиш тармоғида 13 минг, савдода 45 минг, хизмат кўрсатишда 19 минг, транспортда 7 минг корхона фаолиятини тўхтатган ёки тушумлари кескин камайган.

Ҳозирга келиб нафақа ва моддий ёрдам оладиган болали оилалар сони 595 мингдан 655 мингга, яъни 60 мингтага кўпайтирилди. Шунингдек, аҳолининг кредитлар бўйича 3 триллион 260 миллиард сўмлик тўловлари муддати узайтирилди. Шу билан бирга, Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари томонидан 219 минг оилага озиқ-овқат ва санитария-гигиена маҳсулотлари тарқатилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ