Ўзбекистон “Чегара билмас репортёрлар”нинг матбуот эркинлиги рейтингида илк бор Қозоғистондан ўзиб кетди

Pixabay.com сайти фотосурати

Ўзбекистон Халқаро нодавлат “Чегара билмас репортёрлар” ташкилоти матбуот эркинлиги рейтингида 2019 йилга нисбатан тўрт поғонага кўтарилди ва илк бор Қозоғистондан ўзиб кетиб, 156-ўринни эгаллади.

Ўзбекистон 2017 йилдан бери ушбу рейтингда 13 та поғонага кўтарилган, ташкилот республиканинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг ўлимидан сўнг бошланган сўз эркинлиги йўлидаги сезиларли юксалишга эришилганини қайд этди. Жумладан, республикада маҳбусликдаги журналистлар озод этилди (лекин реабилитация қилингани йўқлиги ҳам рост), сайтларга (жумладан, Voice of America, Amerika ovozi, BBC Uzbek, Deutsche Welle, Amnesty International, Human Rights Watch, “Чегара билмас репортёрлар” ва “Фарғона”) тўсиқлар олиб ташланди, оммавий ахборот воситаларини рўйхатдан ўтказиш соддалаштирилди ваниҳоят, коррупция ва мажбурий меҳнат каби мавзулар ёритила бошланди.

“Бироқ олий раҳбариятни танқид қилиш шу чоққача истисно этилмоқда. Расмийлар оммавий ахборот воситаларини чеклайдилан қонунларни бекор қилишга шошилмаяптилар. Оммавий ахборот воситалари устидан кузатув, цензура ва ўзини-ўзи цензура қилиш ҳамон мавжуд, расмийлар эса медиа соҳа устидан назоратнинг юқори даражада ушлаб туришибди. Блогерларга нисбатан таҳдидлар тўхтамаган, уларни ҳибсга олиш ҳолатлари учраб турибди”, — дейилади ташкилотнинг якуний хулосаларида.

Ўзбекистон қайтадан хорижий журналистларга эшикларни очди, лекин АҚШ Конгресси томонидан молиялаштириладиган “Озодлик” радиоси аккредитация олишда қийинчиликларга учради, дея қайд этадилар ННТ таҳлилчилари. “Матбуот эркинлигини сиёсий плюрализмсиз ҳамда диктатура жиноятлари учун адолатли жазоларсиз қайта тиклаш осон бўлмайди. Бунинг учун узоқ йўл босиб ўтишга тўғри келади”, — дея хулоса қилади “Чегара билмас репортёрлар”.

Қозоғистон ушбу рейтингда 2019 йилга нисбатан бир поғонага кўтарилди ва 157-ўринда жойлашди. Ташкилотнинг хулосаларида айтилишича, давлат интернет, янгилик сайтлари ва мессенжерлар устидан назоратни кучайтирди, ҳолбуки 2019 йил июнь ойида бўлиб ўтган сайловлардан сўнг Қозоғистон фикр билдиришда каттароқ эркинликка эришгандек кўринди, мисол учун, ўшанда мисли кўрилмаган кўламларда норозилик акциялари бўлиб ўтди, онлайн-оммавий ахборот воситаларининг роли кенгайди.

Тожикистон ушбу рейтингда 161-ўринга жойлаштирилди. “Чегара билмас репортёрлар қайд этишича, иқтисодий инқироз билан биргаликда расмийларнинг босими аксарият мустақил нашрларнинг ёпилишига, ўзини-ўзи цензура қилишнинг кучайишига ҳамда журналистларнинг ватанни тарк этиб, чет элга чиқиб кетишларига олиб келди. “Махсус хизматлар томонидан таъқиблар, шантаж ва қўрқитишлар мамлакатда қолган журналистларнинг бугунги кундалик ҳаётига айланиб қолди, уларнинг баъзилари “террорчи” сифатида қора рўйхатга тушиб қолдилар”, — дейилади ташкилотнинг хулосаларида.

“Хорижий журналистларнинг аккредитация тақдим этиш тўғрисидаги мурожаатлари рад этилмоқда ёки бўлмасам, улар аккредитациядан маҳрум бўлишнинг тўхтовсих таҳликаси остида ишлаяптилар. Расмийлар янги технологиялардан фойдаланиб, коммуникациялар устидан назоратни кучайтирдилар, танқидчиларни обрўсизлантириш учун “троллар фабрикасини” яратдилар. Асосий янгилик сайтлари ва ижтимоий тармоқларнинг очилишига тўсиқлар қўйилиши (блокировка) деярли доимий бўлиб қолди”, — деган хулосага келдилар ҳуқуқ ҳимоячилари.

Марказий Осиё мамлакатлари орасида анчадан бери матбуот эркинлиги бўйича биринчи ўринни Қирғизистон эгаллаб келади, республика мазкур рейтингда 82-ўринни эгаллаган. “Қирғизистон медиа-майдонидаги плюрализм Марказий Осиёда ягона, – дея қайд этилади шарҳда. – Бироқ Қирғизистон жамиятининг қутбланиши ҳам оммавий ахборот воситалари ва ҳам журналистлар муҳитида акс этмоқда. Гарчи 2017 йилги сайловлар олдидан бўлиб ўтган журналистларга нисбатан репрессиялар тўхтаган бўлса ҳам, текширув журналистикаси ҳамон журъатсизлигича қолмоқда. Журналистик текшируви ўтказаётганлар ҳамон ахборот олишга қийналмоқдалар ҳамда жисмоний зўравонлик, киберҳужумлар ва тергов сўровлари каби босимнинг турли шаклларига дуч келмоқдалар.

“Миллатлараро муносабатлар каби масалаларда ўзини-ўзи цензура қилишнинг роли ҳамон юқорилигича қолмоқда, — дея қайд этилади шарҳда, — баъзида ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларни таъқиб этишда “экстремизмга қарши кураш” баҳонаси қўлланмоқда. “Матраимов иши” мисолида коррупциявий ишларнинг текширувлари журналистлар учун хавфли бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда. “Маънавий зарарни ундириш” бўйича астрономик миқдордаги компенсация тўловлари пасайтирилмаса, президентни ҳимоя қилишга йўналтирилган қонунлар бекор қилинмаса ҳамда суд тизимининг мустақиллиги таъминланмаса, журналистлар ҳамон таҳлика остида қолаверадилар.

Россия 149-ўринни эгаллаган. 2011-2012 йилларда бўлиб ўтган оммавий норозилик намойишларидан сўнг оммавий ахборот воситаларига босимлар кучайиб кетди, “аждарҳоларга хос” қонунлар қабул қилинмоқда, сайтларнинг очилишига тўсиқлар қўйиб ташланган, телеканаллар томошабинларни пропаганда билан суғормоқда. Етакчи мустақил нашрлар назорат остиган олинган ёки йўқ қилинган. Журналистлар ва блогерлар танлаш йўли билан қўлланувчи аксилэкстримистик қонунларга мувофиқ турмаларга ташланмоқда.

Рейтингда биринчи уч ўринни Норвегия, Финляндия ва Дания эгаллаган, рўйхатнинг қуйи поғоналарини Жибути, Хитой, Эритрея, Туркманистон ва Шимолий Корея жойлаштирилди. Туркманистондаги аҳвол ҳақида қуйидагилар айтилган: “Хорижий оммавий ахборот воситалари билан ошкора ишлаб келган бир неча журналистларга нисбатан тазйиқлар кучайиб кетди. Сўнгги йилларда уларнинг баъзилари ҳибсга олинди, қийноққа солинди, калтакланди ёки бошқа йўллар билан иш фаолиятини тўхтатишга мажбур қилинди, шу важдан бу нашрлар халқ журналистларидан фойдалана бошлади”.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Марказий Осиё мамлакатларида аёллар эркинлиги ва хавфсизлиги қай аҳволда?

  • Марказий Осиёлик мигрантларни оммавий равишда ҳаттоки масжидларда ҳам фронтга «таклиф» қила бошлашди

  • Марказий Осиёдаги барқарорлик Тожикистон ва Қирғизистон чегарадаги келишмовчиликларни қанчалик тез тугатишига боғлиқ

  • Марказий Осиё футболи учун Россия терма жамоасидан нима фойда борлиги ва «Марказий Осиёликларнинг ўзаро кураши» қандай якунланиши ҳақида